1 июндан Ўзбекистон Баҳрайн, Қувайт ва Уммон фуқаролари учун 30 кунлик визасиз режим жорий қилади. Бу ҳақда Президентнинг «2025−2026 йилларда сайёҳлар оқимини кескин кўпайтириш ва туристик хизматлар кўламини жадал кенгайтириш орқали туризмнинг иқтисодиётдаги ўрни ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига таяниб, Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Яқин келажакда Ўзбекистонда сайёҳлар сони кескин оширилиши кутилмоқда. Фармонда 2025 йил охиригача хорижий сайёҳлар сонини 15,8 миллионга, маҳаллий сайёҳлар сонини 40 миллионга етказиш кўзда тутилган.
Сайёҳлик хизматлари экспортини 4 миллиард долларга етказиш, мамлакатда 378 та янги туроператорлар фаолиятини бошлаш режалаштирилган.
Ҳар йили ноябрь ойида Халқаро туризм ҳафталиги ўтказилади. Июнь ойидан бошлаб «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида ҳар ой 2-ҳафтасининг шанба ва якшанба кунлари «Оила ва жамоа билан саёҳатга чиқиш куни» этиб белгиланган.
ℹ️ 2016 йили Ўзбекистонда ҳокимият алмашганидан кейин туризм стратегик соҳа деб эълон қилинди. Ўшанда республикага йилига 15 миллион хорижий сайёҳни жалб этиш, 2030 йилгача туризм хизматлари экспортини 5 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилган эди.