Ўзбек ишбилармонларининг Афғонистонга ташрифи доирасида 50 миллион долларлик шартномалар имзоланди

dunyo.info сайти фотосурати

Ўзбекистон делегациясининг Кобулга ташрифи чоғида икки давлат тадбиркорлари ўртасида умумий қиймати 50 миллион долларгача бўлган 30 дан ортиқ шартномалар имзоланди. Бу ҳақда Афғонистон Савдо-саноат палатаси ходимларига таяниб, ToloNews хабар берди.

Шу билан бирга, Афғонистон Саноат ва савдо вазири ўринбосари Аҳмадуллоҳ Зоҳид ўз мамлакати барча халқаро майдонларда қўшниларини қўллаб-қувватлаётган Ўзбекистонни қадрлашини таъкидлади. Расмийнинг сўзларига кўра, бу муносабатлар, хусусан, иқтисодий нуқтаи назардан, фақат мунозаралар билан чекланиб қолмасдан, балки аниқ алоқа ва келишувларга айланиб қолаётгани айниқса муҳимдир.

Афғонистонликлар, шунингдек, Ўзбекистон сармоясининг ўсишини алоҳида таъкидламоқда. Масалан, гап Фарёб вилоятидаги Тути-Майдон газ конига 1 миллиард долларлик сармоя ҳақида кетмоқда. Бундан ташқари, Тошкент Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини фаол илгари сурмоқда, экспертларнинг фикрича, келажакда бу Афғонистонга катта даромад келтиради.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари, Республика Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов икки давлат тадбиркорлари ўртасида қатор шартномалар тузилганини тасдиқлади. Унинг қўшимча қилишича, келишувлар тўқимачилик саноати, озиқ-овқат ишлаб чиқариш, қурилиш каби соҳаларга тегишлидир.

«Дунё» агентлигининг аниқлик киритишича, Кобулдаги учрашувда томонлар Афғонистонга дори-дармон ва озиқ-овқат етказиб беришга эътибор қаратган. Агар илгари бундай товарлар назоратсиз олиб келинган бўлса, жорий йилнинг март ойидан бошлаб мажбурий сертификатлаштириш тартиби жорий этилгани алоҳида таъкидланди. Бироқ, қўшни давлат вакиллари ўз юртида Ўзбекистондан фармацевтика ва озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилиш учун қулай шарт-шароит яратишга ҳамкорларни ишонтиришди. Музокаралар якунида тегишли меморандумлар имзоланди.

Мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик бошқа соҳаларда ҳам изчил ривожланмоқда. Шу тариқа, 13 май куни Афғонистон делегацияси Термизга ташриф буюргани, унинг таркибига Бош вазир девони раҳбари Мулло Абдул Восе ва Балх вилояти ҳокими Муҳаммад Юсуф Вафо ҳам киргани маълум бўлди. Меҳмонларни Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев ва Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимовлар кутиб олди.

Томонлар шериклик муносабатларини, жумладан, савдо, транспорт, гуманитар ва маданий алоқаларни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар. Қолаверса, қўшни давлат вакиллари Ўзбекистонга «қуруқ қўл» билан келишмаган. Афғонистон томонидан Самарқанд шаҳрида барпо этилаётган Имом Бухорий мажмуаси қурилиши учун юборилган 16 та юк машинасидаги Ҳирот оқ мармари Ўзбекистон томонидан қабул қилиб олинди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ