АҚШ маъмурияти Афғонистон фуқаролари учун «вақтинча ҳимояланган шахс мақоми»ни (Temporary Protected Status, TPS) бекор қилинганини эълон қилди. АҚШ Ички хавфсизлик вазирлигининг тегишли қарори 2025 йил 12 июлдан кучга киради.
TPS мақоми Қўшма Штатлардаги афғон фуқароларини депортациядан вақтинча ҳимоя қилиш ва ишлашга рухсат беришни таъминлаган. Бироқ, Ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэмга кўра, Афғонистонда хавфсизлик билан боғлиқ вазият яхшиланган, иқтисодиёт барқарорлашган, ватанга қайтиш учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ.
Бундан ташқари, вазирлик маълумотларига кўра, айрим мақом эгалари кўпинча фирибгарлик ва миллий хавфсизликка таҳдидлар бўйича суриштирув субъектларига айланишган, бу ҳам дастурни тўхтатиш учун асослардан бирига ҳисобланади.
«Биз идоралараро ҳамкорларимиз билан биргаликда Афғонистондаги вазиятни синчиклаб таҳлил қилдик ва у ердаги шароит энди TPS берилиши заруратига жавоб бермайди, деган хулосага келдик», — дейди вазир. Унинг таъкидлашича, мақомни узайтириш АҚШ миллий манфаатларига зиддир ва иммиграция тизими яхлитлигини тиклашга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг бир қисмидир.
ℹ️ TPS мақоми афғонларга 2022 йил март ойида Байден маъмурияти томонидан берилган. Бу Қўшма Штатларда вақтинча яшаш ва ишлашга рухсат берган, лекин доимий яшаш ёки грин-карта ҳуқуқини бермайди.
Khaama Press маълумотларига кўра, айни пайтда Қўшма Штатлардаги 11 мингдан ортиқ афғон TPS мақомига эга. Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Трамп маъмуриятини ўз қарорини қайта кўриб чиқишга чақириб, заиф одамларни толиблар назоратидаги Афғонистонга депортация қилиш орқали уларнинг ҳаётини хавфга солиш мумкинлигидан огоҳлантиради.
AfghanEvac хайрия ташкилоти раҳбари Шон Ван Дайвер Америка маъмурияти қарорини АҚШни қўллаб-қувватлаш учун ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, унинг ваъдаларига ишонганларга нисбатан хиёнат сифатида баҳолади. Унинг сўзларига кўра, бу қарор Қўшма Штатлар хавфсизлигини кучайтирмайди, балки оилаларни парчалайди, уларнинг ҳаётини беқарорлаштиради ва Американинг жаҳонда қолган бир мисқол нуфузига путур етказади. Ван Дайвер Афғонистондаги манзилли ўлдиришлар, ўзбошимча ҳибсга олишлар ва инсон ҳуқуқларининг, хусусан, аёллар ва озчиликларга нисбатан бузилишлари, мазкур мамлакатни қайтиб келганлар учун асло хавфсиз макон қилмаслигига оид кўплаб хабарларни қайд этди.