Azon.uz диний сайти асосчиси Мубашшир Аҳмад (асл исми Алишер Турсунов) Ўзбекистонга депортация қилинди. Бу ҳақда блогернинг адвокати Иброҳим Эргин маълум қилди, деб ёзади Mubaşşir Ahmad Telegram-канали.
8 май куни эрталаб турк полицияси Аҳмадни Истанбулдаги уйида ҳибсга олган. Сўроқдан сўнг у депортация марказига ўтказилиши ва 9 май куни қўйиб юборилиши керак бўлган, бироқ бир неча кун давомида адвокатлар ва яқинлари унинг қаердалиги ва аҳволи ҳақида маълумот олишолмаган.
Адвокатнинг сўзларига кўра, блогер дастлаб Эдирне шаҳридаги миграция марказида сақланган, шанба куни у Истанбулга қайтарилган, кейин эса ҳуқуқий тартибларга риоя қилинмасдан Ўзбекистонга жўнатилган.
ℹ️ Мубашшир Аҳмад 2017 йили Azon.uz ахборот-таҳлилий порталини яратган. Ресурс Ислом динига оид янгиликлар ва мақолаларни чоп этишга ихтисослашган. Нашрнинг айрим материаллари расмийлар томонидан танқид қилинган. 2023 йил август ойида Azon медиа гуруҳи барча лойиҳаларини тўхтатди. Ноябрь ойида бир неча тилларда фаолият юритувчи Azon Global портали ишга туширилган. 2023 йил декабрида Аҳмад Туркия ҳукумати томонидан ҳибсга олинган ва депортация марказига жойлаштирилган, 2024 йил февралида у ердан озод қилинган. Орадан бир йил ўтиб, 2025 йил февралида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги уни тақиқланган ташкилотлар тузиш ва уларда қатнашишда айблаб, қидирув эълон қилган.