Толиблар шахматни «ҳаром» деб эълон қилди ва ушбу спорт турини тақиқлади

arbatmedia.kz сайти фотосурати

Афғонистонда ҳокимиятни бошқараётган «Толибон»* ҳукумати қошидаги Исломий фазилатларни тарғиб қилиш ва иллатлар олдини олиш вазирлиги шахматни «ҳаром» деб эълон қилди ва ушбу спорт тури федерациясини тарқатиб юборди. Бу ҳақда Khaama.com нашри хабар берди.

Афғонистон спорт вазирлиги расмийлари шахмат ўйинлари тўхтатилганини тасдиқлаб, ўйин шариат қонунларига мувофиқ экани аниқланмагунча шахмат тақиқланганлигини тушунтиришган.

Нашрнинг ёзишича, расмий тақиқдан аввал бир неча шахматчилар ва шахмат ишқибозлари спорт ишлари вазирлигига тадбирлар ўтказиш ва молиявий ёрдам сўраб мурожаат қилган, бироқ ушбу мурожаат пировардида улар фаолиятини янада мураккаблаштирган.

Россиянинг «Спорт-Экспресс» нашрининг ёзишича, Афғонистондаги шахмат билан боғлиқ вазият яна бир «толиблар ҳақидаги даҳшатли чўпчаклар»га айланиши мумкин, зеро шахмат фаолияти тўхтатилиши «ҳаром» тушунчаси билан эмас, балки федерация собиқ раҳбарининг Ғарбга кетганидан кейин юзага келган ташкилий муаммолар билан боғлиқ. 2022 йилги Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасига терма жамоани олиб келган Афғонистон шахматининг янги раҳбари Обайдуллоҳ Қурайиши «Толибон»нинг спорт бошқараси билан алоқа ўрнатолмаган, бу эса ташкилий тартибсизликка олиб келган. Ҳозирги таъқиқ диний хусусиятга эга эмас, балки кадрлар билан боғлиқ муаммо бўлиши ҳам мумкин. Мақола муаллифи исломда шахматга нисбатан ҳақиқатан ҳам маълум қийинчиликлар мавжудлигини тан олган.

Шу билан бирга, Россия нашрининг ёзишича, Афғонистоннинг етакчи шахматчилари (уларнинг кўпчилиги Ўзбекистон ва Эронда истиқомат қилади) сўнгги уч йил толиблар даврида уларнинг спорти таназзулга юз тутаётганидан мунтазам шикоят қилиб келишган. Федерация давлат томонидан қўллаб-қувватланмаган, маҳаллий турнирларни ўтказиш учун пул топишда қийналган ва бошқарув муаммоларига дуч келган. Бироқ нашрга кўра, шахматчиларнинг бутпарастлик ёки диний анъаналарни бузгани учун таъқибга учрагани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Ва шу ўринда Афғонистондан қочиб кетган шахматчилар «имтиёзлар ҳуқуқини берувчи қочқинлик мақомини олиш учун чўпчаклар тўқишаётгани» қайд этилган.

Илгари толиблар мамлакатда аралаш яккакурашлар (ММА), шунингдек, киберспорт йўналишлари, хусусан, PUBG ўйинини тақиқлашган эди.

Ҳокимиятга келганидан бери толиблар тобора янгидан-янги тақиқларни киритишмоқда. Жумладан, мамлакатнинг айрим ҳудудларида оммавий ахборот воситаларида одамларни намойиш этиш, воқеаларни суратга олиш ва видеога олиш тақиқланди. Тақиқга кинотеатрлар, мусиқа асбоблари чалиш, маълум ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш, эркаклар соқолини олиш ва галстук тақиш киритилди. Аёлларга нисбатан кўплаб тақиқлар мавжуд. Уларга ўрта ва олий маълумот олиш, спорт билан шуғулланиш, истироҳат боғларида сайр қилиш, ҳатто баланд овозда гапириш ва суд жараёнларида иштирок этиш тақиқланган.

12 май куни толиблар мамлакатдаги бир неча юзлаб университет профессорларини, жумладан, докторлик даражасига эга бўлган эркак ва аёлларни кампуслардан ишдан бўшатгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Amu нашрининг ёзишича, ишдан бўшатишлар расмий хабар ёки аниқ мезонларсиз амалга оширилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ