Ўзбекистон ҳукумати ва Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ўртасида 2025-2026 йилларга мўлжалланган умумий қиймати 3,6 миллиард долларлик 23 та янги лойиҳани амалга ошириш дастури имзоланди. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) ўз Telegram-каналида маълум қилди.
Ҳужжат томонларнинг Милан шаҳрида бўлиб ўтган ОТБ Бошқарувчилар кенгашининг 58-йиллик йиғилишида тасдиқланган. Тадбирда Ўзбекистондан Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев бошчилигидаги делегация иштирок этган.
Халқаро ташкилот томонидан молиялаштириладиган лойиҳалар дастури ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг асосий йўналишларини қамраб олади:
✅ таълим;
✅ сув таъминоти;
✅ транспорт;
✅ молиявий ва техник ёрдам йўналишлари.
Шунингдек, Миланда бўлиб ўтган йиғилиш якуни сифатида ОТБ Бошқарувчилар кенгаши раислиги 2025-2026 йиллари Ўзбекистонга ўтиши расман эълон қилингани таъкидланган. Жамшид Ходжаев раис этиб тасдиқланган.
Бу — Ўзбекистонга етакчи халқаро молия институтлари томонидан билдирилаётган юқори ишончнинг ёрқин тасдиғи бўлди, дея таъкидлайди ИССВ ўз хабарида.
Бундан ташқари, йиғилиш иштирокчилари ОТБ Бошқарувчилар кенгашининг навбатдаги йиғилишини Самарқанд шаҳрида ўтказиш тўғрисида бир овоздан қарор қабул қилганлар. Тадбир 2026 йил май ойига режалаштирилган.
ℹ️ Ўзбекистон 1995 йили ОТБга аъзо бўлган. Орадан 3 йил ўтиб, мамлакатда банкнинг ваколатхонаси очилган. Бу вақт ичида республикага кредитлар, грантлар ва техник ёрдам кўринишида ажратилган маблағларнинг умумий ҳажми 14 миллиард доллардан ошди.