Ўзбекистонда фуқароларни хорижда ишлашга тайёрлаш маркази ташкил этилади. Бу ҳақда Lex.uz сайтида эълон қилинган «Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ташкиллаштирилган тартибда ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарорида сўз юритилади.
Қарорга кўра, марказда «Ягона дарча» тамойили асосида меҳнат миграциясига доир хизматлар кўрсатилади.
Худди шу қарорда ривожланган давлатларга вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ташкиллаштирилган ҳолда кетаётган фуқароларга икки йил муддатга Марказий банк базавий ставкасидан 4 фоизга (2025 йил апрель ҳолатига Марказий банк ставкаси 14 фоиз) юқори ставка бўйича 10 миллион сўмгача (776 АҚШ доллари) микрокредит олиш имконияти белгиланди.
Бундан ташқари, йўловчи автобуслари сонини кўпайтириш орқали меҳнат мигрантларининг хорижга чиқиши ва ватанига қайтиши учун арзон ва ташкиллаштирилган транспорт йўлга қўйилади.
Xorijda ish тизимида рўйхатга олинган ва хорижга чиқаётган фуқароларга Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил апрель ойида эълон қилинган қарорида қайд этилган субсидия ва компенсациялар тўланади. Жумладан:
👉 чет тиллари ва (ёки) касб бўйича малака имтиҳонларини топшириш харажатларини қоплаш учун, улар муваффақиятли топширилганда ва сертификат олинганда – БҲМ нинг 3 бараваригача (1,125 миллион сўм ёки 87 АҚШ долларигача);
👉хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширишга «ишчи виза»ни расмийлаштириш харажатларини қоплаш учун — БҲМнинг 5 бараваригача (1,875 млн сўм ёки 145 АҚШ доллари);
👉 йўл чиптасини харид қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун — БҲМнинг 2 бараваригача миқдорда 750 минг сўм ёки 58 доллар);
Мигрантлардан ташқари немис, инглиз, япон ва корейс тиллари бўйича камида B1 ёки унга тенглаштирилган даражадаги халқаро сертификат олган битирувчилари энг кўп бўлган 50 нафаргача ўқитувчига — 50 миллион сўм (3883 доллар) ажратилади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати меҳнат қилиш учун хорижга кетаётган ватандошларни фаол қўллаб-қувватламоқда. Турли ҳисоб-китобларга кўра, 35 миллионлик Ўзбекистоннинг иқтисодий фаол аҳолисининг 20 фоизи, яъни қарийб 2,5 миллион киши хорижда меҳнат қилмоқда. 2025 йил 1 июлга қадар республикада мамлакатдан чиқиб кетаётган ва қайтиб келаётган барча шахсларнинг ягона электрон маълумотлар базаси ишга туширилади. Шу билан бирга, мигрантлар учун мобил илова яратилади, унинг ёрдамида хориждаги бўш иш ўринлари ҳақида маълумот олиш, ватандошлар ва муаммоларга дуч келган фуқароларга ёрдам берувчи ташкилотлар билан боғланиш, шунингдек, пул ўтказиш имконияти пайдо бўлади.