Қувайтлик хоккейчилар Ўзбекистон жамоасининг кейинги тоифага чиқишига имкон берди

rbc.ru сайти фотосурати

Хоккей бўйича Қувайт терма жамоаси жаҳон чемпионати IV дивизиони учинчи турида Арманистонни 5:4 ҳисобида мағлуб этди ва бу Ўзбекистон терма жамоасига гуруҳда яққол биринчи ўринни эгаллаш имконини беради ва бу кейинги тоифага чиқишини таъминлайди.

Ўзбекистон термасининг иккинчи турда Арманистондан кутилмаган мағлубиятидан сўнг ўзбекистонликларнинг бир тоифага кўтарилиш имконияти кескин пасайиб кетганди. Қолган ўйинларда арман хоккейчиларининг очко йўқотишига умид қилиш керак эди. Ўзбекистоннинг ўзи 13:3 ҳисобида мағлуб этган Қувайт термасидан умид қилинганди, лекин таркиб ва ​​тажриба жиҳатидан қувайтликлар арманлардан қолишмади. Жумладан, Қувайт термаси сафида ўйнаётган икки нафар россиялик Антон Цибин ва Илья Дроздецких, шунингдек, беларуслик Валерий Будевич Арманистон билан ўйин натижасини ҳал қилдилар.

Бутун ўйин давомида арман хоккейчиларининг умумий устунлигига қарамай, ўйиннинг биринчи ярим соатида қувайтликлар рақиб дарвозасига жавобсиз тўртта шайба киритишди: Будевич икки марта, Дроздецких ва сербиялик Боян Зидаревич биттадан шайба уришди. Бироқ, Арманистон терма жамоаси ўйинни бошқа томонга буриб, ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди ва ўйинни қўшимча вақтга йўллади. Қувайт спорт фуқаросини олган россиялик фуқаро Игорь Кривих ва Антон Кузнецовлар биттадан шайба киритган бўлса, Тигран Манукян иккита шайбани йўналтиролди. Қўшимча вақтда қувайтлик хоккейчилар кучлироқ бўлишди ва Дроздецких ҳал қилувчи шайбага муаллифлик қилди. Қувайт терма жамоасининг чехиялик дарвозабони Адам Барвик ҳам 66 та сейв амалга ошириб, ғалабага катта ҳисса қўшди.

Параллел ўйинда Ўзбекистон терма жамоаси Эронни 20:0 ҳисобида мағлуб этди ва чемпионат якунланишига икки тур қолганда яққол биринчи ўринни эгаллади.

Турнир жадвали. IIHF.com сайти фотосурати

Қолган иккита ўйинда ўзбекистонликлар 17 апрель куни Индонезия, 19 апрель куни Малайзия терма жамоасига қарши майдонга тушса, Арманистон терма жамоаси 17 апрель куни Эрон, 19 апрель куни Индонезия билан куч синашади.

ℹ️ Хоккей бўйича жаҳон чемпионатининг IV дивизиони 13-19 апрель кунлари Ереванда бўлиб ўтмоқда. Турнирда Арманистон, Ўзбекистон, Эрон, Қувайт, Индонезия ва Малайзия терма жамоалари иштирок этади. Ҳар бир жамоа ўз рақибига қарши биттадан ўйин ўтказади. Гуруҳда биринчи ўринни эгаллаган жамоа юқорига кўтарилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ