Москвадаги «Бодрость» ҳаммомида чет эликларни қўлга олишда қўпол усуллар қўлланилгани мигрантларнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига қаршилик кўрсатгани билан изоҳланади. Россия Ташқи ишлар вазирлиги рейд чоғида «ортиқча куч ишлатигани»га оид ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга шундай муносабат билдирди, деб хабар беради РИА Новости.
«Мавжуд маълумотларга кўра, операция чоғида чет эл фуқаролари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига қаршилик кўрсатган. Шу сабабдан ушбу хорижликларга нисбатан тегишли чоралар кўрилган. Шу билан бирга, бизнинг хавфсизлик идораларимиз ходимлари Россия қонунчилигига мувофиқ ўз ваколати доирасида ҳаракат қилган», — дея таъкидлайди ТИВ.
Вазирлик таъкидлашича, текширув режалаштирилган бўлиб, у бирон бир давлат фуқароларига қарши қаратилган бўлмаган. Рейд давомида 59 нафар чет эл фуқароси қўлга олинган, улардан 25 нафари миграция қонунчилигини бузган ҳолда Россияда яшаган. Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, қўлга олинганларнинг баъзилари радикал гуруҳларга алоқадорликда гумон қилинмоқда.
Айни вақтда Қирғизистон омбудсмани (инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари) Жамила Жаманбаева россиялик ҳамкасби Татьяна Москалькова билан учрашувда «Бодрость» ҳаммомида «куч қўллаш мутаносиблиги» борасида хавотир билдирган.
«Видео кадрларини кўрганда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қирғиз фуқароларини оммавий ҳибсга олиш чоғида куч ишлатишнинг мутаносиблиги ва асослилигига доир саволлар туғилади. Қирғизистонликларга нисбатан ҳар қандай маъмурий ёки мажбурлов чоралари процессуал ҳуқуқлар кафолатлари ва халқаро мажбуриятларга риоя қилинган ҳолда қўлланилиши керак. Қирғизистон Евроосиё иқтисодий иттифоқининг тўлақонли аъзоси ҳисобланади», — дея эслатиб ўтади Жаманбаева.
Москалькованинг хабар беришича, у мазкур ҳодисага эътибор берган ва унинг мурожаатидан сўнг Россия прокуратураси ва миграция органлари «Бодрость»да содир бўлган воқеа бўйича тергов ишларини бошлаган.
ℹ️ Воқеа 10 апрель куни Россия фуқаролигини олган қирғизистонлик фуқарога тегишли ҳаммом мажмуасида содир бўлган. Тарқалган фотосуратлар ва видеоларда кучишлатар тизими ходимлари маска ва қизил белбоғда эркакларни калтаклагани, уларни ерга юзтубан ётқизиб, эмаклашга, полда тизалаб юришга мажбурлагани, ётган одамлар устидан юришгани акс этган.
Шу муносабат билан Россия элчиси Сергей Вакунов Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилиб, унга бир гуруҳ қирғизистонликларнинг шафқатсизларча ҳибсга олингани бўйича тушунтириш талаб этилган нота топширилган. Шунингдек, Россия томонидан Қирғизистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалий чоралар кўриш ва келгусида «Қирғизистон-Россия ўртасидаги иттифоқчилик, стратегик ҳамкорлик муносабатларига зиён келтирадиган» бундай ҳолатларнинг олдини олиш сўралган. Қирғизистон Меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва миграция вазирлигининг Москвадаги ваколатхонаси Россия Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлиги, Москва прокуратураси, Россия омбудсмани ва бошқа органларга «Бодрость»даги воқеа юзасидан тегишли чоралар кўришни сўраб мурожаатлар юборган.