Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Андижон вилояти мутасаддиларига Қирғизистон билан чегараолди ҳудудида эркин савдо-саноат зонаси ташкил этиш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Мирзиёевнинг сўзларига кўра, ҳар йили Андижон вилоятидан қўшни республикага 200 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинади. Шу муносабат билан савдо айланмасини кенгайтириш учун ихтисослаштирилган зоналарни ташкил этиш мақсадга мувофиқдир.
Ўзбекистон Президенти Қўрғонтепа ва Хўжаободда шундай зоналар қуриш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф қилди. Вилоят мутасаддиларига ана шу йўналишлардан бирини танлаб, тадбиркорлар билан келишилган ҳолда лойиҳанинг бош режасини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.
Шунингдек, Хўжаобод туманидаги «Дўстлик» назорат ўтказиш пунктдаги муаммоларга ҳам эътибор қаратилди. Гап шундаки, аҳоли ва ташувчилар бу ердаги узун навбатлардан норози. Республика раҳбари мутасадди вазирлик ва идораларга тирбандлик сабабларини тезроқ аниқлаш ва бу масалага ечим топиш бўйича топшириқлар берди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой темир йўли қурилиши қўшнилар билан товар айирбошлаш ҳажмини оширишга хизмат қилиши таъкидланди. Лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида ташиш муддати 1 ҳафтага, масофа 1 минг километрга қисқаради, юк ташиш 10 баробар ошади.
«Лекин, ички темир йўл тармоқларимиз, божхона пунктлари, станциялар бу юкни қабул қилиш ва ўтказишга қанчалик тайёр?» — дея савол қўйди Мирзиёев.
Президент тегишли ҳисоб-китобларни олиб бориш ва чора-тадбирлар режасини тайёрлаш бўйича мутасаддиларга топшириқ берди.
Давлат раҳбари бошқа давлатлар билан ҳамкорлик ҳақида гапирар экан, таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратди. Унга кўра, Қирғизистон, Тожикистон, Хитой ва Ҳиндистон фуқароларининг кўпчилиги Ўзбекистонда, хусусан, Андижон давлат тиббиёт институтида ўқиш истагида. Ушбу хизматлар экспортини йилига 20 миллион долларгача ошириш мумкин. Шу муносабат билан талабалик визасини жорий этиш зарурати туғилган. Мирзиёев мутасаддиларга хориждан келиб ўқиётган талабалар учун «талаба визаси» жорий қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш учун бир ой муддат берди.
Давлат раҳбари икки минг нафар наманганлик ёшлар Андижонга қатнаб ўқиётганини ҳисобга олиб, Наманган давлат университетидаги тиббиёт факультети Андижон тиббиёт институти филиалига айланишини қўшимча қилди. Бу филиал кейинчалик мустақил олийгоҳ даражасига олиб чиқилади.