Жаҳон банки Тожикистон билан Роғун ГЭСи бўйича ҳамкорликни давом эттиради

Анна Бьерде ва Эмомали Раҳмон. Тожикистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Жаҳон банкининг операциялар бўйича директори Анна Бьерде унинг ташкилоти Тожикистондаги Роғун ГЭСи қурилишини молиялаштиришда давом этишини, бу лойиҳани бутун Марказий Осиё учун муҳим деб ҳисоблашини айтди. «Ховар» агентлиги республикага расмий ташриф буюрган Жаҳон банки вакилининг сўзларидан иқтибос келтиради

«Роғун ГЭСи нафақат Тожикистон халқи, балки бутун минтақа учун катта аҳамиятга эга бўлган «яшил» энергия ишлаб чиқариш соҳасида муҳим лойиҳадир. Умид қиламизки, ҳамкорлигимиз янги босқичга кўтарилади ва мамлакат барқарор ривожланишини мустаҳкамлаш учун пойдевор қўяди», — деган Бьерде.

У Жаҳон банки ушбу йирик ГЭСни қуриш лойиҳасини қўллаб-қувватловчи 9 та ҳамкор қаторида эканини қўшимча қилган.

Жаҳон банки делегацияси Тожикистонга ташрифи доирасида республика Бош вазири Қоҳир Расулзода ҳамроҳлигида мазкур объектга ташриф буюрди. Хорижлик меҳмонлар қурилишнинг асосий босқичлари, ер ости участкалари, транспорт туннеллари ва турбиналар тизимини кўздан кечиришган. Жаҳон банки вакиллари лойиҳани амалга ошириш суръатларини юқори баҳолаганлар. Бьерде таъкидлашича, Роғун ГЭСи миллий ирода рамзи, ривожланиш жараёнлари барқарорлиги ва халқаро ташкилотлар ва Тожикистон ҳукумати ўртасидаги муваффақиятли ҳамкорлик намунасидир.

«Биз бу тараққиётдан руҳланамиз ва бу йўналишдаги ҳамкорликни давом эттиришга тайёрмиз», — дея хулоса қилган Жаҳон банки топ-менежери.

Тожикистон оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Жаҳон банки делегацияси Душанбеда мамлакат президенти Эмомали Раҳмон билан учрашган. Учрашувда халқаро молия институти республика билан 30 йилдан ортиқ ҳамкорлик қилиб келаётгани таъкидланган. Жаҳон банкининг Тожикистондаги лойиҳалари портфели бугунги кунда 3,3 миллиард долларни ташкил этади.

Бьерде ҳамкорликнинг энг муҳим йўналишлари камбағалликни камайтириш, шаҳар ва қишлоқларда аҳоли турмуш шароитини яхшилаш эканини таъкидлаган. Бундан ташқари, банк инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, сув таъминоти ва санитария соҳаларидаги лойиҳаларда иштирок этади.

Бироқ, Роғун ГЭСи лойиҳасида ҳамма нарса ҳам унчалик кўнгилдагидек эмас. «Чегара билмас дарёлар» экологик коалицияси лойиҳа ҳозирги кўринишида атроф-муҳитга катта хавф туғдиришидан огоҳлантирган, шунинг учун Жаҳон банки ўз стандартларини эътиборсиз қолдирмай ва қурилишга молиявий инвестицияларни давом эттиришдан олдин хавфларни ҳар томонлама ва объектив баҳолашни таъминлаши шарт. Яқинда Жаҳон банкига қўшни республикалар – Ўзбекистон ва Туркманистон аҳолисидан қурилиш ишлари Амударёнинг қуйи оқимининг экологиясига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақида шикоятлар келиб тушгани маълум бўлди. Бу масала экспертлар гуруҳи томонидан ўрганилади.

ℹ️ Роғун ГЭСи Тожикистондаги энг йирик энергетика лойиҳасидир. ГЭС қурилишининг барча босқичларини 2031 йил охиригача якунлаш режалаштирилган. Объектда ҳар бири 600 МВт қувватга эга иккита блок ишламоқда, учинчиси жорий йили ишга туширилиши режалаштирилган. Роғун ГЭСи қуриб битказилгандан сўнг, мазкур иншоот қуввати 3600 МВт ва йилига 13-17 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарадиган Марказий Осиёдаги энг йирик гидроэлектр станцияга айланиши кутилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ