Қозоғистон собиқ Бош вазири, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) Бош котиби Имангали Тасмагамбетов «хиёнат» ва Россия манфаатларини илгари суришга оид айбловларни рад этди. Тегишли мурожаат ўтган ҳафта охирида унинг Instagramдаги (РФда экстремистик деб тан олинган ва тақиқланган Meta корпорациясига тегишли тармоқ) норасмий аккаунтида эълон қилинди.
Мурожаатнинг ҳақиқийлиги тасдиқланмаган, бироқ ҳозиргача уни ҳеч ким рад ҳам этмаган, гарчи кўплаб Қозоғистон оммавий ахборот воситалари бу ҳақда ёзган бўлсаларда.
Эълон қилинган видеороликда КХШТ бош котиби қозоқ тилида гапиради. Тасмагамбетовнинг сўзларига кўра, баъзи одамлар интернетдаги ғийбатларга кўр-кўрона ишониб, «ким жим турса, шуни ўйламай-нетмай айблаб, оёқ ости қилишга тайёр». Бироқ, сиёсатчи «ўз номини бировларнинг ўз манфаатлари учун фойдаланишига йўл қўймайди».
«Биринчидан мен – ҳар бир тошда халқим руҳи ҳис этиладиган Атирауда туғилган қозоқман. Отам йўталганида ҳам аждодлар анъаналарини эслатар, онам эса менга болаликдан қозоқ руҳи, маданияти ва адабиётини сингдирган. Мен шундай оилада туғилганман.
Аммо бугун нималар бўляпти? Ўз она юртига алоқаси йўқ, шамол учириб кетган бўм-бўш пўстлоқдек бўлган баъзи бахтсиз одамларлар учун бирданига «руспараст», «сотқин» бўлиб қолдим. Қанақасига? Бунинг сабаби, халқаро ҳарбий ташкилотда ўз мамлакатимдан вакил бўлганим, сўзлар ракеталар олдида ўз қийматини йўқотган дунёда Қозоғистон хавфсизлиги ва манфаатларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилаётганим учунми? — дейди у (Ulysmedia.kz таржимаси).
Тасмагамбетов ўз нутқида Абай Кунанбаев, Абиш Кекилбаев ва Чингиз Айтматовдан иқтибослар келтиради. У Қозоғистондан четда бўлишига қарамай, ўз ватанида содир бўлаётган воқеалардан доимо хавотирда эканини таъкидлайди.
«Бутун фаолиятим, халқ менга ишониб топширган лавозимларда ишлаган давримда уятли иш қилмаганман. Мен учун мамлакат манфаатидан юқорироқ ҳеч нарса йўқ. Ватанимдан йироқ бўлсамда, унинг ютуқларини қувониб кузатаман, илиқлик билан у ҳақда ўйлайман.
Мен учун энг муҳими — халқим ишончини оқлаш, хақаро миқёсда давлат манфаатларини ҳимоя қилишдир. Бунинг учун халқимнинг руҳий мадади жуда муҳимдир», — дея қўшимча қилади КХШТ Бош котиби.
У, шунингдек, Қозоғистонни урушга жалб қилишга уриниш ҳақидаги айбловларни рад этиб, ўз халқига бундай нарсани тилаш «ҳақиқий ёвузлик» эканини таъкидлайди.
«Бугун дунё мисли кўрилмаган ҳарбий тўқнашув хавфи билан юзма-юз турибди. Бу урушда ғолиблар бўлмайди — ҳамма мағлуб бўлади. Бундай вазиятда кўр-кўрона тараф олиш — ўйламасдан, ўз халқингга урушни тилаш — бу телбаликдир. <...> Шундан сўнг, мен ўз ватандошларимни урушга жалб қилаётганимга оид бемаъни гапларга қандай чидаш мумкин?! Мен ҳар доир контекстдан бир жамлани юлиб олиб, ундан сенсация ясайдиган кимса топилиши мумкинлигини яхши биламан», — дейди у.
Имангали Тасмагамбетов 1990-йиллари Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг ёрдамчиси бўлган, кейинроқ 2002–2003 йиллари Бош вазир ўринбосари ва Бош вазир лавозимларида ишлаган. Кейинроқ Остона ҳокими, 2016 йил сентябрида яна Бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаган.
2017 йили Тасмагамбетов Қозоғистоннинг Россиядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси этиб тайинланган. 2019 йил декабрида президент Қосим-Жомарт Тўқаев уни пенсия ёшига етгани учун бу лавозимдан озод қилган эди – Тасмагамбетов ўшанда 63 ёшда бўлган.
У мамлакатдаги энг нуфузли сиёсатчилардан бири саналади. Тасмагамбетов 2023 йилдан буён КХШТ Бош котиби лавозимида ишлаб келмоқда.
Ҳеч бир сиёсатчи уни бу лавозимда Россия манфаатларини илгари сураётганликда айбламаган. Бироқ, Тасмагамбетовнинг шу йил март ойи бошида «Известия» нашрига берган интервьюси ижтимоий тармоқларда танқидларга сабаб бўлди. Ўшанда, хусусан, у Украина ҳудудига Ғарб қўшинларини юбориш минтақада хавфли вазият яратиши мумкинлигини, агар шундай хавфлар юзага келса, КХШТ «ёрдамнинг турли вариантлари»ни (қайси давлатни кўрсатмаган ҳолда) таклиф қилишга тайёрлигини маълум қилганди.