Атирау полицияси қўлида араб ёзувидаги Қозоғистон байроғини ушлаб, ниқобда суратга тушган тўрт аёлга нисбатан жиноий иш қўзғади, деб ёзади Kursiv.kz. Давлат рамзларини таҳқирлаш моддаси бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ушбу модда бўйича энг юқори жазо — икки йил озодликдан маҳрум этишни кўзда тутади.
Текширувга сабаб бўлган сурат шаҳар муз майдонида олинган. Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда фаол тарқалмоқда. Суратдаги тўрт нафар гумонланувчининг шахси аллақачон аниқланиб, полицияга олиб кетилган.
«Улардан икки нафари вояга етмаганлар, шунинг учун қизлар ота-оналари иштирокида кўрсатма бермоқда. Бошқа маълумотлар тергов манфаати учун ошкор этилмайди», — деб хабар қилди полиция бошқармаси матбуот хизмати.
«Қозоғистон байроғига хорижий рамзларни жойлаб, уни мазах қилиш жазосиз қолиши даргумон. Гарчи, бу атайлаб қилинган провокация эмас, аҳмоқлик бўлсада», — деб ёзади қозоғистонлик сиёсатшунос Газиз Абишев ўзининг Telegram-каналида.
Байроқдаги ёзув — Аллоҳга ва унинг расули Муҳаммад С.А.В га иймон келтиришга оид калимадир. Худди шундай ёзув Саудия Арабистони расмий байроғида ҳам бор. Orda.kz нинг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаси ўзгартирилган Қозоғистон байроғи Instagram дўконида харид қилинганини таъкидлайди.
cmn.kz нашри, ўз навбатида, бундай байроқларни таниқли интернет-маркетплейслардан бирида бепул сотиб олиш мумкинлигини таъкидлайди.