Мирзиёев чиқиндиларни қайта ишлаб, улардан электр энергияси оладиган заводлар қурилишини маъқуллади

pinimg.com сайтидаги расм

Ўзбекистонда чиқиндиларни электр энергиясига қайта ишловчи еттита завод қурилади. Бу мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевнинг 24 март куни эълон имзолган учта фармонида кўзда тутилган, деб хабар қилади Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

«Маиший чиқиндиларни ёқиб электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳалари» сифатида тақдим этилган заводлар Тошкент, Андижон, Наманган, Фарғона, Тошкент, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида қурилади.

Лойиҳа компаниялари чиқиндиларни ёқиш заводларида ишлаб чиқарилган электр энергиясини кафолатланган ҳолда «Ўзэнергосотиш» корхонасига 30 йил давомида сотади.

2028 йилга келиб инвесторлар ва лойиҳа компаниялари қуйидаги ишлаб чиқариш қувватига эга ускуналарни ишга туширишни таъминлаши керак:

👉 Тошкент вилоятида кунига 2,5 минг тонна чиқиндиларни термик қайта ишлаш орқали 390 миллион кВт электр энергиясини ишлаб чиқариш;

👉Андижон, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларидаги заводларда кунига 1,5 минг тонна чиқиндиларни қайта ишлаш эвазига ҳар бирида 240 миллион кВт электр энергияси ишлаб чиқариш;

👉 Наманган ва Фарғона вилоятларидаги станцияларда кунига 1,5 минг тонна чиқиндини ёқиш орқали ҳар бирида 227,5 миллион кВт электр энергияси ишлаб чиқариш.

Мазкур лойиҳалар Шавкат Мирзиёевга 2024 йил октябрь ойида тақдим этилган эди. Ўзбекистонда саккизта чиқиндиларни ёқиш заводи қуриш, шунингдек, Оҳангарон полигонида чиқинди газини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилгани ҳақида хабар берилганди. Ушбу лойиҳаларга киритилган сармояларнинг умумий ҳажми тахминан 1,3 миллиард долларга баҳоланган. Инвесторлар орасида Хитойнинг CAMC Engineering ва Shanghai SUS Environment, Жанубий Кореянинг Sejin ва БААнинг Tadweer Group компаниялари бор.

Ўшанда Ўзбекистонда йилига 14 миллион тонна чиқинди ҳосил бўлиши, бироқ унинг атиги 4-5 фоизи қайта ишланаётгани қайд этилганди. Шу билан бирга, чиқинди полигонларидан 7 миллион тоннадан зиёд иссиқхона газлари атмосферага чиқади, 43 минг тонна заҳарли фильтратлар ер остига сингади.

Юқоридаги инвестиция лойиҳалари амалга оширилгандан сўнг республикада йилига 4,7 миллион тоннадан ортиқ чиқинди ёқилиб, 2 миллиард 100 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. 97 миллион АҚШ доллари қийматидаги электр энергияси сотилади. Шунингдек, булар орқали 152 миллион метр куб табиий газ иқтисод қилинади ҳамда 2,4 миллион тонна иссиқхона газлари камаяди. 1 минг 200 та янги иш ўрни яратилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ