Қозоғистонликлар Ўзбекистон уранини Россия орқали Францияга етказиб беради

yandex.net сайти фотосурати

Қозоғистоннинг Logistic Centre компанияси Ўзбекистондан Францияга уран концентратини етказиб беради. Бу ҳақда «Навоийуран» давлат корхонаси компания билан шартнома имзолади, деб ёзади Kun.uz Ўзбекистон товар-хом ашё биржаси маълумотларига таяниб.

Келишувга кўра, қозоғистонликлар 500 контейнер ўзбек уранини Санкт-Петербург порти орқали Франция жанубидаги Мальвези коммунасига етказиб беради.

Шартнома қиймати 9 миллион евро бўлиб, етказиб бериш 2026 йилнинг иккинчи чорагида якунланади.

Уранни ташиш Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) томонидан белгиланган халқаро хавфсизлик стандартларига мувофиқ амалга оширилади.

👉 «Навоийуран» Франциянинг Orano корпорацияси билан ташкил этилган биринчи кунданоқ ҳамкорлик қилиб келади: корхона 2022 йил январь ойида Навоий кон-металлургия комбинати (НКМК) трансформацияси натижасида ташкил топган. 2023 йили Orano Ўзбекистонда уран қазиб олиш ва қайта ишлашга 500 миллион долларгача сармоя киритиш нияти борлигини маълум қилганди.

ℹ️ «Навоийуран» уран қазиб олиш бўйича дунёда бешинчи ўринда туради. Сайёрамизда ишлаб чиқарилаётган мазкур металлнинг 7 фоизи давлат компанияси ҳиссасига тўғри келади — 3,8 минг тоннадан ортиқ. Компания 21 та уран конида иш олиб боради ва 2026 йилгача яна 6 та конни ўзлаштиришни режалаштирган. «Навоийуран» уран оксиди кўринишидаги тайёр маҳсулот нафақат Orano, балки Converdin (АҚШ), Cameco (Канада), DAE India ва бошқа бир қатор йирик қайта ишлаш корхоналарига етказиб берилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ