Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев даврида капитал ва ҳокимиятнинг улкан қисми унинг қўлида тўпланган, бу эса инқирозга олиб келган. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси спикери Ерлан Кошанов 19 март куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда маълум қилди, деб ёзади Orda.kz.
«30 йил давомида Қозоғистон супер-президентлик бошқарув шаклига эга давлат бўлди. Бироқ, вақт ўтиши билан кўп йиллар давомида амалда бўлган модел жиддий сиёсий инқирозга олиб келди. Бунга кўп жиҳатдан ҳокимият ва капиталнинг маълум гуруҳлар ва битта шахс қўлида ҳаддан ташқари тўпланиб қолгани сабаб бўлди, бу ўз навбатида жамиятни ғазаблантирди ва мамлакат тараққиёти секинлашувига олиб келди», — деди Кошанов.
У уч йил аввал сиёсий тизимни модернизация қилиш жараёни бошланганини, бу эса Қозоғистонга барча ҳокимият биринчи президент қўлида жамланган бошқарув моделидан узоқлашиш имконини берганини эслатди.
Қозоғистон парламенти спикерининг баёноти биринчи президент истеъфога чиққанидан роппа-роса олти йил ўтиб янгради. 2019 йил 19 март куни Нурсултон Назарбоев ўз ваколатларини ўша пайтда Сенат спикери бўлган Қосим-Жўмарт Тўқаевга топшириб, давлат раҳбари лавозимидан кетишини эълон қилганди.
«Менга буюк халқим, она юртимга хизмат қилишдек улкан шараф насиб этди. Сизга минг раҳмат, халқим. Барчангизга таъзим қиламан.
Маълумки, қонунларимиз менга биринчи президент – Елбаси, халқ етакчиси мақомини беради. Мен жиддий ваколатларга эга бўлган Хавфсизлик Кенгаши раиси, «Нур Отан» партияси раиси, Конституциявий кенгаш аъзоси бўлиб қоламан. Мамлакат ва халқ ташвишлари менинг ташвишим бўлиб қолади», — деганди ўшанда Назарбоев.
2022 йил январдаги тартибсизликлардан сўнг у барча лавозимларини йўқотди, мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатидаги иштирокидан маҳрум бўлди. 2023 йил бошида Назарбоев кафолат ва имтиёзлардан, шунингдек, барча фахрий мақомлардан, жумладан, Елбаси мақомидан ҳам маҳрум этилди. Унинг қатор оила аъзолари ва яқин одамлари жиноий жавобгарликка тортилди, бошқалари эса давлат лавозимидан четлатилди. 2019 йили Назарбоев шарафига Нур-Султон деб аталган мамлакат пойтахти аввалги номи – Остонага қайтди.
Ўзидан олдинги президентнинг мустақил Қозоғистон барпо этилишига қўшган ҳиссаси ҳақида бир неча бор гапирган Тўқаев январь воқеаларидан сўнг Назарбоевни камдан-кам тилга оладиган бўлди. Тўполонлардан бир ой ўтиб, ижтимоий тармоқларда биринчи президент ҳақидаги салбий гапларни изоҳлар экан, Тўқаев фақат унинг ютуқларини унутмасликка чақирди.