Россия университетидан ҳайдалган туркман талабаларининг пуллари қайтарилмаган ва визалари бекор қилинган

Талабалар. Turkmen.news сайти фотосурати

Шимолий Кавказ федерал университетидан (ШКФУ) ҳайдалган ва ватанига депортация қилинаётган туркман талабалари пулларини қайтаришни талаб қилишмоқда. Бу ҳақда Turkmen.news нашри хабар берди.

Нашр ҳайдалган талабалар университет вакиллари билан зиддиятга тушиб қолгани ва қолган ўқишлари учун олдиндан тўланган пулларини қайтариб ололмаганидан шикоят қилгани акс этган видеоёзувни чоп этган. Қайд этилишича, йигитларни алдаб, паспортларини олиб қўйишган ва бошқа университетларга ўқишга ўтиш тўғрисида гувоҳнома беришни ваъда қилишган, бунинг ўрнига уларнинг визалари бекор қилинган.

ШКФУдаги туркман талабаларининг аҳволи Туркманистоннинг Астрахандаги консули Гадам Иламановнинг эътиборини тортган. У университетга ташриф буюрган ва юртдошлари билан суҳбатлашган ва университет маъмуриятига «фуқароларни қўллаб-қувватлагани учун» миннатдорчилик билдирган.

ШКФУ халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Альберт Кумуков ҳайдалган талабалар имкон қадар тезроқ Россияни тарк этишлари кераклигини айтган.

«Бу Россия қонунчилигига мувофиқ оддий тартиб. Университет тушунтириш суҳбати ўтказади ва жўнаш учун ҳужжатларни тўлдиришда ёрдам беради. Шунингдек, баъзи талабалар, шу жумладан бошқа мамлакатлардан келганлар Великий Новгород, Қозон, Самара, Саратов, Тамбов ва Тула университетларига ўтиш истагини билдиришган. Барча аризалар қаноатлантирилган», — дея Кумуков сўзларини келтиради «Комсомольская правда. Ставрополь».

ℹ️ «Кавказский узел» маълумотига кўра, жорий ўқув йилида ШКФУ Туркманистондан 1000 нафар талабани қабул қилган. Шу билан бирга, туркман талабалари университетдан таклифномаларни кеч олишган ва уларнинг аксарияти Ставрополга фақат декабрь ойининг охирида етиб келишган. «Улар ҳужжатлар билан овора бўлиб юрганларида, рус тили заиф бўлгани боис сессияга қўйилмаслигини айтишган», — деб тушунтиради нашр манбаси.

Туркманистонлик талабаларга Курск ёки Белгород вилоятларидаги бошқа университетларга ўтиш таклиф қилинган, акс ҳолда уларни ҳайдаб, уйларига жўнатиш ваъда қилинган. Кўпчилик қўрқиб кетган ва ўтишга рози бўлган. Қолишга қарор қилганлар ётоқхонада кундалик текширувларга дуч келишган. Хонадаги ҳар қандай тартибсизлик ёки ўқувчиларнинг «Яндекс.Доставки» хизматида ишлаётганини тасдиқловчи каби далиллар ҳайдаш учун далил сифатида ишлатилган. Талабалардан ҳар куни ҳисобот бериш талаб этилган ва бу амалиётни ўтказиб юбориш ҳолати ҳам ўқишдан ҳайдалиш учун асос ҳисобланган.

Талабалар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга уриниб, университет биноси олдида тинчгина йиғилишган, бироқ маъмурият полицияни чақирган. Акциянинг бир неча иштирокчиси 10 кунга ҳибсга олинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ