Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятида 15 ёшли қизга нисбатан жиноят содир этишда гумон қилинган 38 ёшли эркак қўлга олинди, деб хабар беради Tengrinews.kz вилоят полиция бошқармасига таяниб. Эркак вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.
«Шикоят аризаси 15 март куни полицияга келиб тушган, шундан сўнг дарҳол жиноий иш қўзғатилган. Ҳозирда тергов доирасида ҳодисанинг барча ҳолатларини аниқлашга қаратилган зарур суд-тиббий экспертизалари ўтказилмоқда. Вояга етмаган жабрланувчи қиз билан психологлар ишламоқда», — дейилади ҳуқуқ-тартибот идораси хабарида.
NeMolchi.kz фонди аввалроқ Қарағанда вилояти (Марказий Қозоғистон) Абай шаҳрида содир бўлган воқеа ҳақида хабар берганди. Унинг маълумотларига кўра, ўгай ота жабрланувчи қизни 38 ёшли эркакка мажбуран эрга берган. «Беш кунлик зўрлашдан сўнг қиз ўзининг отасини олдига қочиб кетишга муваффақ бўлган», — дейилади хабарда.
Қизнинг тоғаси фонд билан боғланиб, ZTB NEWS нашрига жабрланувчи онаси ва ўгай отаси билан яшаганини айтган. Қизнинг ота-онаси анчадан бери ажрашган бўлган. Уларнинг никоҳидан тўрт фарзанд туғилган, катта ўғли эса отаси билан яшаган. Қизнинг онаси иккинчи марта турмушга чиққан ва бу никоҳда яна икки фарзанди кўрган. Илгари, аёл «тақводир бўлган, лекин радикал қарашларга эга бўлмаган», дейди жабрланувчи қизнинг тоғаси. Энди у қизнинг онаси ва унинг иккинчи эрини «радикаллар» деб ҳисоблайди.
«Мен уларнинг кимлигини биламан. Улар радикаллар. Намоз ўқимаган киши кофир бўлади, деб ишонишади. Улар ўзларини мусулмонман дейишади, лекин Исломнинг уларга алоқаси йўқ. Иккинчи турмушда нима бўлганини билмайман, лекин қизнинг ўгай отаси бундай йўл тутишга ҳаққи йўқ эди», — дея эркакнинг сўзларини келтиради нашр.
Маҳаллий мулозимлар нима бўлганидан хабардор — вилоят болалар ҳуқуқлари бўйича комиссари қизнинг отаси билан доимий алоқада, шунингдек, жабрланган қизнинг ўгай отаси ва онасини жиноий жавобгарликка тортишни сўраган, деб хабар беради КазИнформ. Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси вазиятни назоратга олган ва бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўрмоқда, дея ишонтиради қўмита.