Ўзбекистон Қуролли Кучларида дронлар ва уларга қарши курашиш, сунъий интеллект билан ишлайдиган кибертузилмалар, роботлашган техникаларни қўллаш ва ҳаво ҳужумидан мудофаа бўйича янги бўлинмалар пайдо бўлади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев тегишли мутасаддиларга топшириқ берди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.
Мазкур топшириқлар 21 февраль куни Хавфсизлик кенгашининг давлат ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаасини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган йиғилишда муҳокама қилинган жорий ва келгуси йилларга мўлжалланган устувор вазифалар тўпламига киритилди.
Президент армияни ривожлантиришни режалаштиришда замонавий қуролли тўқнашувлар ва ҳарбий ҳаракатлар театрининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиш зарурлигини таъкидлади. Жумладан, сунъий интеллект, робот тизимлари, ракеталар, дронлар ва уларга қарши кураш чораларини кенг қўллашга эътибор қаратиш лозим.
Мирзиёев янги бўлинмалар ташкил этиш билан бирга, қўшинларни бошқаришнинг ягона автоматлаштирилган тизимини ишлаб чиқиш, шунингдек, кадрлар тайёрлашда замонавий усулларни жорий этиш бўйича топшириқ берди.
Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Ўзбекистон армиясининг таянчи бўлган «Бош сержантлар корпуси» фаолиятини такомиллаштириш, мудофаа саноатини янада ривожлантириш, ҳарбий хизматчиларни ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қуватлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ҳарбий спорт соҳасига йўналтириш каби муҳим вазифалар белгиланди.
Олий Бош Қўмондон бугунги кунда армия замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминлангани, аскар ва офицерларнинг жанговар ва маънавий-руҳий тайёргарлиги даражаси сезиларли даражада ошганини таъкидлади. Ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш ҳам кучайган. Жумладан, 30 мингга яқин оила уй-жой билан таъминланди, ўтган йил давомида икки мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзлар берилди.
Шу билан бирга, ҳарбий-саноат комплекси ривожланмоқда, мамлакатда янги корхоналар пайдо бўлди. Республика Қуролли Кучлари томонидан 20 дан зиёд мамлакат билан икки томонлама ҳарбий ҳамкорлик йўлга қўйилди, 400 дан ортиқ қўшма машғулотларда юқори кўрсаткичларга эришилди.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Мирзиёев 21 февраль куни Мудофаа саноати агентлигининг Инновацион технологиялар марказига ташриф буюриб, бу ердаги ишлаб чиқариш қувватлари, илғор ишланмалар, ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар билан танишди.
Мазкур Инновацион технологиялар марказида 80 га яқин ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек, робототехника ва учувчисиз аппаратлар бўйича стартап лойиҳалари қўллаб-қувватланмоқда.
Давлат раҳбари бу фақат дастлабки қадамлар эканини, ҳарбий-саноат комплексини ривожлантириш, мамлакат корхоналарининг жаҳон бозорида рақобатбардошлигини ошириш борасидаги ишларни давом эттириш зарурлигини таъкидлади.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон мудофаа саноати корхоналари халқаро ихтисослаштирилган кўргазмаларда фаол иштирок этмоқда. Жумладан, жорий йил 17-21 февраль кунлари Абу-Даби шаҳрида (БАА) бўлиб ўтаётган IDEX-2025 кўргазмасида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 100 дан ортиқ ҳарбий техника ва маҳсулотлар намуналари намойиш этилди. Экспонатлар орасида «Арслон 8×8» ва «Арслон 6×6» зирҳли транспортёрлар, «Тўфон» ўзиюрар гаубицаси хорижий ҳамкорларда катта қизиқиш уйғотган.