Украиналик мутахассис Сергей Пучков Қирғизистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Қирғизистон футбол иттифоқи матбуот хизмати хабар берди.
«Онлайн форматда ўтказилган Ижроқўм йиғилишида қабул қилинган қарорга мувофиқ, Осиё Кубогидаги муваффақиятсиз ўйин инобатга олинган ҳолда Сергей Пучков эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Бош мураббий билан бирга мураббийлар штаби ҳам ишдан бўшатилди», — дейилади хабарда.
Пучков ўтган йил декабрь ойида Қирғизистон U-20 терма жамоасини бошқарганди. Осиё Кубоги бошланишига бир ой қолганди. Ўшанда умуман кутилмаганда жамоани турнирга олиб чиққан Мирлан Эшенов четлатилди.
Натижада Қирғизистон терма жамоаси кўрсаткич бўйича Осиё Кубогида энг ёмон жамоага айланди – ҳар учала ўйинда 3:14 умумий ҳисобида мағлуб бўлди.
Жамоанинг янги мураббийи этиб ким тайинланиши айтилмаган.»
Сергей Пучков Украина Премьер-лигасининг «Таврия» ва “Металург» клубларида мураббий сифатида ишлаган. Украина кубогини қўлга киритган. У арманларнинг «Гандзасар» клуби, шунингдек Қирғизистон кубогини қўлга киритган Жалолободнинг «Мурас Юнайтед» жамоаси билан ишлаган.