Ўзбекистонда электр энергияси ва табиий газни тежаш бўйича дастур ишлаб чиқилди

yuz.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон ҳукумати 2025 йили 1,6 миллиард куб метр табиий газ ва 3,5 миллиард киловатт-соат электр энергиясини тежаш ниятида. Шу мақсадда мутасадди ва мутахассислар томонидан бир қатор чора-тадбирлар тайёрланди ва 19 февраль куни мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевга тақдим этилди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.

Белгиланган мақсадларга эришиш учун республикадаги ҳар бир корхона илмий изланишлар асосида аниқ чора-тадбирлар режаси билан таъминланади. Жумладан, йирик саноат корхоналарида бир маҳсулот бирлиги ишлаб чиқаришга кетадиган энергия меъёри белгиланади. Шунинг ўзидан энергия сарфи 5-10 фоизга қисқаради. Ижтимоий объектларда энергия тежамкор ускуналарни ўрнатиш бўйича манзилли дастур тасдиқланади.

Мутахассислар бошқа чораларни ҳам тавсия қилдилар. Уларнинг маълумотларига кўра, сув хўжалигидаги эски насосларни замонавийсига алмаштириб, йилига 1 миллиард киловатт-соат электрни тежаш мумкин. Ижтимоий муассасаларда қозонхоналарни янгилаш, «яшил» энергиядан фойдаланиш орқали бу йил 5 миллион куб метр газ, 15 миллион киловатт-соат электрни иқтисод қилса бўлади.

Бундан ташқари, кўп қаватли уйларда иссиқликни яхши сақлаш учун уларни изоляциялаш кенгайтирилади. Хонадонларда гелиоколлектор ва қуёш панели ўрнатишга арзон кредитлар берилади. Истеъмолчилар Япония тажрибаси асосида энергия тежаш саводхонлиги бўйича ўқитилади.

Тақдимотда ўтган йили Ўзбекистонда 50 миллиард куб метр табиий газ ва 81 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилгани таъкидланди. Бироқ, экспертларнинг прогнозларига кўра, 2035 йилга келиб ресурслар истеъмоли жорий кўрсаткичларга нисбатан 1,7 бараварга ошади. Талабни қондириш учун нафақат ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, балки энергияни тежаш ҳам зарур.

Бундан ташқари, олимлар республика ялпи ички маҳсулотнинг 1 долларини яратиш учун жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан 2,5 баробар кўп энергия сарфланаётганини аниқлаганди. Электр тармоқларидаги йўқотишлар 14 фоиз, табиий газда эса 7 фоиздан юқори. Тармоқларда электр йўқотишлари 14 фоизга, газ йўқотишлари эса 7 фоиздан ошади. Шу сабаб, ресурсларни тежаш бўйича жиддий чоралар кўриш вақти келган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ