Қирғизистон ҳукумати марҳумларни дафн этиш ва уларга ёдгорлик ўрнатишнинг янги қоидаларини тасдиқлади

Бишкекдаги Ола Арча қабристони. 2gis.kg сайти фотосурати

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси марҳумларни дафн этиш ва қабр тошларини ўрнатишнинг янги тартибини белгилаш бўйича кўрсатмаларни тасдиқлади. Бу ҳақда ҳукумат матбуот хизмати хабар берди.

Ҳужжат қуйидагиларни тартибга солади:

👉 қабристонларни тартибга солиш ва режалаштириш, шу жумладан секторларни ажратиш, кириш жойларини аниқлаш, ободонлаштириш, мотам жойлари ва маъмурий биноларни қуриш;

👉 дафн қилинадиган жойларни тартибга келтириш ва ободонлаштириш;

👉 қабристонларни сув билан таъминлаш, ёритиш ва санитария ҳолатига қўйиладиган талаблар;

👉 қабристонларни зиёрат қилиш қоидалари ва фуқаролар мажбуриятлари.

Йўриқномада қабристонларнинг оддий, ландшафтли қабристон-парк ва аралаш каби турлари жорий этилган, шунингдек қабрга ажратилган жойлар ва улардан фойдаланишга оид талаблар белгиланган.

Кўрсатмаларга кўра, ҳар бир шахсга туғилган, вафот этган, охирги яшаш жойи ёки қариндошлари яқинида дафн этиш учун бепул ер участкаси кафолатланади. Ер участкасини беришни рад этишга йўл қўйилмайди, ер участкалари ўлчамлари маҳаллий кенгашлар томонидан белгиланади. Ўзбошимча дафн этиш ва қайта дафн қилиш тақиқланади.

Шунингдек, йўриқномада ёдгорликлар ва мемориал белгиларини ўрнатишга оид қоидалар ҳам мавжуд. Эндиликда ёдгорлик ўрнатишда маҳаллий ҳокимият органларини ёзма равишда хабардор қилиш керак бўлади.

Расмийлар гранит, мармар ва бошқа қимматбаҳо материаллардан ясалган қимматбаҳо ёдгорликларни ўрнатишдан воз кечишни тавсия қилади. Қабр тошлари баландлиги 70 см дан ошмаслиги керак ва тўсиқлар камтарона, ёғоч ёки бошқа арзон материаллардан ясалган бўлиши тавсия этилади. Ёдгорликлардаги ёзувлар аниқ бўлиши, унда исм, фамилия, туғилган ва вафот этган саналари кўрсатилган бўлиши керак. Жамоат ахлоқ меъёрларига зид бўлган элементлардан фойдаланиш тақиқланади.

Қабристон ҳудуди маҳаллий арзон материаллардан камида 1,5 метр баландликдаги панжара билан ўралган бўлиши керак.

Янги қоидалар Президентнинг 2024 йил октабр ойида «Дафн этиш хизматлари тўғрисида»ги қонунни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори қабул қилинганидан кейин ишлаб чиқилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ