АҚШ компанияси Қирғизистон билан темир йўл қурилишига доир шартнома имзолади

@koroche_kg фотосурати

19 февраль куни Қирғизистон президенти ҳузуридаги Миллий инвестиция агентлигида (МИА) «лойиҳа синов зонаси» режимида «Трансевроосиё йўналиши» бўйича давлат-хусусий шериклик (ДХШ) битими имзолади. Ҳужжат All American Rail Group Global Infrastructure Partner LLC (АҚШ), инвестиция агентлиги ва «Кыргыз темир жолу» компанияси вакиллари томонидан имзоланди, деб хабар берди МИА матбуот хизмати.

МИА директори Талантбек Имановнинг таъкидлашича, бу Қирғизистон темир йўл соҳасидаги биринчи ДХШ лойиҳасидир.

Лойиҳага киритиладиган умумий сармоя тахминан 3 миллиард долларга баҳоланмоқда.

«Кыргыз темир жолу»нинг тушунтиришича, келишув Қирғизистонда янги темир йўл линиялари ва инфратузилмасини лойиҳалаш, қуриш, биргаликда фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатиш, жумладан, Макмал-Қоракўл темир йўлини қуриш ва фойдаланишни назарда тутади.

Имановнинг қайд этишича, лойиҳа нафақат янги иш ўринлари яратиш, балки транспорт тармоғини сезиларли даражада яхшилаш, Қирғизистонга узоқ муддатли иқтисодий фойда келтириш имконини беради. Бундан ташқари, лойиҳа мамлакат транспорт тизими учун янги имкониятларни очади, қўшни давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамлайди ва иқтисодиётнинг халқаро майдонда рақобатбардошлигини оширади.

👉 2024 йил ноябрь ойида АҚШнинг Қирғизистондаги элчиси Лесли Вигери билан учрашувда Транспорт ва коммуникациялар вазири Абсаттор Сирғабаев америкаликларга Балиқчи-Қўчқор-Қоракўл темир йўли қурилишига сармоя киритишни таклиф қилган эди. Вигери, ўз навбатида, 2023 йилдан буён Америка компанияларининг Қирғизистондаги транспорт лойиҳаларига қизиқиши ортиб бораётганини, АҚШ элчихонаси ҳозирданоқ АҚШ Экспорт-импорт банки ва хусусий Citibank билан Саргибаев номидаги темир йўл линиясини қуриш лойиҳасини молиялаштириш бўйича музокаралар олиб бораётганини таъкидлаганди.

ℹ️ Балиқчи – Қўчқор – Қоракўл темир йўли қурилаётган Балиқчи – Қўчқор – Қора-Кече – Макмал транспорт линиясининг бир қисми бўлиб, йўналишнинг умумий узунлиги қарийб 315 километрни ташкил этади. Қирғизистон президенти Садир Жапаров ушбу йўналиш Макмалдаги юк ташиш станцияси орқали Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли билан боғланиши ва шу тариқа мамлакат ичида ягона темир йўл тармоғини яратишда муҳим рол ўйнашини таъкидлаганди.

«Шимолимиз ва жанубимиз темир йўл орқали боғланади. Мамлакат ичида оғир юкларни ташиш фақат темир йўл орқали амалга оширилади. Бу ёнилғини сезиларли даражада тежаш ва йўлларимиз сифатини узоқ вақт сақлаб қолиш демакдир. Бундан ташқари, йўловчилар темир йўлда саёҳат қилиш имкониятига эга бўладилар», — деганди Қирғизистон президенти.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ