Қозоғистон Молия вазирлигининг Давлат даромадлари қўмитаси блогерларнинг даромадлари аудити давомида улар томонидан декларацияланган ва амалда олган маблағлари миқдори 53,3 миллиард тенгега (тахминан 107 миллион доллар) фарқ қилишини аниқлади. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Унда «турли хил маълумот манбаларидан олинган» маълумотлар солиқ декларациясидаги маълумотлар билан таққосланган. Натижада 594 нафар шахсда номувофиқликлар аниқланган. Февраль ойи ўрталарида уларга тегишли билдиришномалар юборилган. Ушбу шахслар 30 кун муддат ичида мустақил ҳисобланган солиқларни тўлаган ҳолда қўшимча солиқ ҳисоботини тақдим этишлари ёки келишмовчиликлар бўлса, тушунтириб беришлари шарт.
Қўмита текширувдан ўтган блогерларнинг умумий сонини айтмаган, бироқ 2024 йил октябрь ойи охирида, Казинформ давлат агентлиги маълумотларига кўра, мамлакатда 745 блогер расман рўйхатга олинган. Рўйхат машҳур ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларига 20 мингдан ортиқ обуначига эга бўлган шахслардан тузилган. Ўтган йил 9 ойида улар давлатга 1,2 миллиард тенгедан (2,4 миллион доллар) ортиқ солиқ тўлаган.
Блогерлар даромадидан солиқ тўланишини талаб қилувчи «Онлайн платформалар ва онлайн реклама тўғрисида»ги қонун 2023 йил июль ойида президент Қосим-Жомарт Тўқаев томонидан имзоланган ва икки ойдан сўнг кучга кирган. Қонунда расман «инфлюенсер» тушунчаси киритилган — фикри онлайн аудитория учун муҳим бўлган шахс нотўғри маълумот тарқатганлик учун жавобгарликни ўз зиммасига олиши, сохта маълумотларнинг тарқалишига қарши курашиш учун давлат билан ҳамкорлик қилиши, онлайн реклама белгисини қўйиши ва тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиши керак.