БМТнинг таҳлилий дастак ва санкциялар мониторинги гуруҳи экспертларининг ҳисоб-китобларига кўра, 2024 йил охири ҳолатига кўра, Афғонистонда 20 дан ортиқ террорчилик ячейкалари фаолият юритмоқда, бу эса нафақат мамлакатга, балки бутун Марказий Осиё давлатлари хавфсизлигига таҳдид солади. Тегишли хулосалар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти веб-сайтида эълон қилинган ҳисоботда келтирилган.
Бундан ташқари, ҳисобот муаллифлари таъкидлашича, толиблар* кўпинча айрим гуруҳларга, хусусан, бутун дунё бўйлаб жиҳодчиларни қўллаб-қувватловчи «Ал-Қоида»* халқаро террорчилик ташкилотига алоқадор гуруҳларга ёрдам беради. Шундай қилиб, Афғонистон ҳукумати экстремистларни бошпана ва ўқув лагерлари билан таъминлайди, баъзан моддий ёрдам кўрсатади, шунингдек, алоҳида ҳаракатлар раҳбарлари ва қўмондонларига ҳарбий қўриқчиларни тақдим этади.
Гап афғонларга тегишли бўлмаган «Теҳрик-и-Толибон Покистон» (ТТП)*, «Ўзбекистон Исломий Ҳаракати»* ва этник тожиклардан иборат «Жамоат Ансоруллоҳ»* каби гуруҳлар ҳақида бормоқда.
БМТ экспертларига кўра, ўтган йили ТТП Қўнар, Нангарҳор, Хост ва Пактика вилоятларида жангариларни тайёрлаш марказларини очган ва фаол равишда ўз тарафдорларини тўплаган. Бу ташкилотга 600 та ҳужумни амалга оширишга имкон берди, жумладан Афғонистон ҳудудидан. Қайд этилишича, Кобул Покистон гуруҳи раҳбарини молиялаштириб, унга ойига 43 минг доллар маош тўлайди.
«Жамоат Ансоруллоҳ»нинг Хост ва Тахар вилоятларида ўқув лагерлари бор. Бу ерда «Ал-Қоида» муҳандислари ва инструкторлари асосан араб ва Марказий Осиё давлатларидан келганлардан жангчи ва худкуш-террорчиларни тайёрлайди.
«Ислом давлати – Хуросон»* (ИШИД – Хуросон) экстремистик ташкилотига алоҳида эътибор қаратилган. Толиблар бу ячейкага қарши курашмоқда, лекин у Афғонистонда ҳамон фаол. Мисол тариқасида таҳлилчилар худкушлик ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган Қочқинлар ва репатриантлар вазирлиги раҳбари Халил Аҳмад Ҳаққоний ўлдирилишини келтиришади.
ИШИД-Хуросон ҳисобот даврида ўз сонини сезиларли даражада оширган. Бунга асосан этник тожиклар истиқомат қилувчи шимолий Бадахшон ва Қундуз вилоятлари аҳолисининг толиблар ҳукмронлигидан норози экани қўл келган. Шунингдек, кўкнори етиштириш тақиқланишидан жабр кўрган фермерлар афғон ҳукуматидан ўч олиш мақсадида жангариларга бошпана бериб, ҳар хил ёрдам кўрсатишаётгани қайд этилади. Бу гуруҳ Марказий Осиё республикалари вакиллари, хусусан, Тожикистон фуқароларига урғу берган ҳолда Афғонистонга ёлланган жангариларни кўпайтириб бораётгани таъкидланади.
Шу билан бирга, 17 февраль куни Афғонистон Ички ишлар вазирлиги расмийси Абдул Матин Кани ИШИД мамлакатда тўлиқ бостирилгани ва бу ерда «жисмонан» мавжуд эмаслигини маълум қилди. «Исломий давлат» ўз зиммасига олаётган терактлар қўшни давлатлардан амалга оширилмоқда, дея қўшимча қилди расмий.
*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатидан тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).