«Казахмыс» конида тоғ жинслари қулаши оқибатида етти нафар кончи ҳалок бўлди

kazakhmys.kz сайти фотосурати

Қозоғистоннинг Улитов вилоятидаги конда тоғ жинслари қулаши оқибатида етти нафар кончи ҳалок бўлди. Бу ҳақда республика Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.

««Корпорация Казахмыс» МЧЖга қарашли конда қидирув-қутқарув ишлари давомида еттинчи ходимнинг жасади топилди. Уларнинг шахси аниқланмоқда. Барча етти нафар ишчининг жасади ер юзасига кўтарилиб, суд-тиббиёт экспертизаси учун полиция ходимларига топширилди», — дейилади хабарда.

17 февраль куни кечқурун Жанааркин туманида жойлашган «Жомарт» конида тоғ жинслари қулаши содир бўлган. Вайроналар остида етти кончи қолиб кетган ва улар билан алоқа узилган. Кондаги қидирув-қутқарув ишлари тун бўйи давом этган.

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳалок бўлган ишчиларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган ҳолда телеграмма йўллади. Шунингдек, давлат раҳбари ҳукуматга фавқулодда ҳолат сабабларини чуқур ўрганиш бўйича топшириқ берди. Вазирлар Маҳкамасида ушбу мақсадлар учун Бош вазир ўринбосари Канат Бозумбаев бошчилигида махсус комиссия тузилган.

Айни пайтда, «Казахмыс» маълум қилишича, аввалроқ конда табиий газ портлаши содир бўлган, бу «корпорация конлари учун хос бўлмаган» ходисадир. Хабарда воқеанинг барча ҳолатларига ойдинлик киритишда ҳар томонлама ёрдам берилиши айтилади.

Компания қурбонларнинг оилаларига ёрдам кўрсатади. Уларга ишчининг ўртача йиллик иш ҳақининг 10 баробарида ҳақ ва дафн маросимини ташкил қилиш учун 2 миллион тенгедан (4 минг доллар) кўпроқ пул тўланади. Бундан ташқари, боқувчисини йўқотганлик учун ойлик тўловлар, болаларнинг таълим олиши учун тўловлар, вафот этган ишчиларнинг заём ва кредитларини тўлаш амалга оширилади ҳамда оила аъзоларининг илтимосига кўра бошқа турдаги ёрдам кўрсатилади, дейилади корпорация матбуот хизмати хабарида.

«Казахмыс» мис рудасини қазиб олиш ва қайта ишлашга ихтисослашган компания бўлиб, дунёдаги етакчи мис ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланади. Компания акцияларининг 70 фоизи бизнесмен Владимир Кимга, қолган 30 фоизи Эдуард Огайга тегишли (иккаласи ҳам Forbes Kazakhstan маълумотларига кўра Қозоғистоннинг энг бой тадбиркорлари рўйхатига киритилган).

Қозоғистонда тоғ-кон корхоналарида одамларнинг нобуд бўлиши билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар тез тез содир бўлиб туради. Ўтган йил октябрь ойида Қарағанда вилоятидаги «Казахмыс» компаниясига қарашли «Саяк-3» конида углерод оксиди сизиб чиқиши натижасида икки ишчи ўлганди. Бундан бир йил олдин, ушбу корпорацияга тегишли Жамбил вилоятидаги «Жайсан» конида икки кончи авария натижасида ҳалок бўлган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ