Қирғизистондаги мактабларда хавфсизлик чоралари кучайтирилади

АР фотосурати

Қирғизистондаги барча мактабларда хавфсизлик чораларини кучайтириш мақсадида «хавотир тугмалари» ўрнатилади, видеокузатув ва тезкор алоқа тизимлари кенгайтирилади. Бу борада республика ИИВ раҳбари Улан Ниёзбеков ва Таълим вазири Доғдурқул Кендирбаева келишиб олди, деб ёзади Kloop.kg.

Вазирлар учрашувига таълим муассасаларидаги жиноятчилик билан боғлиқ вазиятнинг оғирлашгани, натижада мактаб ўқувчилари иштирокидаги жанжалларда болаларнинг нобуд бўлаётгани билан боғлиқ ҳолатлар кўпаётгани сабаб бўлган. 21 январь куни Бишкекдаги №72 мактабда катта синф ўқувчилари 8-синф ўқувчисини ҳожатхонада калтаклашган. Бола реанимация бўлимида оламдан ўтган. 22 январь куни Кант шаҳридаги №3 мактабнинг 16 ёшли ўқувчиси муштлашувдан сўнг касалхонага ётқизилган ва реанимацияда ҳушига келмай вафот этган. 12 февраль куни Ўш вилояти, Қора-Сув туманидаги №39 мактабнинг 9-синф ўқувчиси жанжал қурбони бўлган.

ОАВ хабарига кўра, мактаб ўқувчисининг ўлими №39 мактаб директори, ўқув ва тарбия ишлари бўйича мудири, мактабдан ташқари ишлар ташкилотчиси, ижтимоий ходим ва икки синф раҳбари, шунингдек, Қора-Сув тумани таълим бўлими бошлиғининг ишдан кетишига сабаб бўлган. №72 мактаб директори, илмий мудир ва синф раҳбарларидан бири ҳам лавозимидан айрилган.

Бишкек мэрияси маълумотларига кўра, 2024/2025 ўқув йили бошидан буён биргина пойтахт мактабларида 41 та муштлашув содир бўлган. 2024 йил охирига келиб Қирғизистонда 3,6 минг мактаб ўқувчиси Вояга етмаганлар ишлари бўйича инспекция рўйхатига олинган.

Шу билан бирга, ОАВ мактаб ўқувчиларининг муштлашувлардан сўнг касалхонага ётқизилаётгани билан боғлиқ янги ҳолатлар ҳақида хабар бермоқда. Жумладан, 14 февраль куни Ўш вилояти, Ўзган туманидаги №34 мактабда ўн биринчи синф ўқувчилари ўртасида юз берган муштлашув натижасида ўқувчилардан бири касалхонага ётқизилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ