Роғун ГЭСи қурилишини якунлаш учун Душанбе чет элдан кредит ва грантлар кўринишида 812 миллион доллар жалб қилди

Роғун ГЭСи. neftegaz.ru сайти фотосурати

Тожикистон ҳукумати халқаро ҳамкорлар билан Роғун ГЭСи қурилишини молиялаштириш бўйича умумий қиймати 812 миллион доллар бўлган келишувларни имзолади. Бу ҳақда мамлакат Молия вазири Файзиддин Қаҳҳорзода 14 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди, деб хабар беради «Азия-плюс».

Шундан 462 миллион доллари кредитлар, 350 миллион доллари грантлардир. Барча олинган кредитлар юқори имтиёзли ва узоқ муддатли — 25 йилдан 30 йилгача бўлган муддатга берилган. Қаҳҳорзода лойиҳа амалга оширилгач, Тожикистон мазкур маблағларни ўз вақтида қайтариб беришига ишонч билдирди.

Мамлакат ҳукумати Роғун ГЭСи қурилишини якунлаш учун маблағ йиғиш бўйича фаол музокараларни давом эттирмоқда. Жумладан, вазирнинг сўзларига кўра, молиялаштириш шартлари Италия ҳукумати, Европа инвестиция банки, Абу-Даби тараққиёт жамғармаси, Осиё тараққиёт банки ва бошқа салоҳиятли донорлар билан муҳокама қилинмоқда.

Standard & Poor's Global Ratings агентлигига кўра, лойиҳани тўлиқ якунлаш учун тахминан 6,4 миллиард доллар керак бўлади, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон декабрь ойида парламентга йўллаган мурожаатида Роғун ГЭСи лойиҳасини молиялаштириш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар ва халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш муҳимлигини таъкидлаган. Унинг қайд этишича, ҳукумат қурилишни якунлаш учун 33 миллиард сомоний (тахминан 3 миллиард доллар), жумладан, 12,5 миллиард сомоний (1,15 миллиард доллар) грантлар жалб этишни режалаштирмоқда.

ℹ️ Роғун ГЭСи Тожикистондаги энг йирик энергия лойиҳасидир. ГЭСнинг олти агрегати йилига 13,1 миллиард киловатт*соатдан ортиқ энергия ишлаб чиқаради. ГЭС қурилишини 2031 йил охирига қадар якунлаш режалаштирилган. Лойиҳа яқин вақтгача фақат давлат маблағлари ҳисобидан молиялаштирилар эди. Умуман олганда, 2008-2024 йиллари Тожикистон Роғун ГЭСи қурилишига 42,5 миллиард сомоний (тахминан 4 миллиард доллар) ажратган. 2023 йил февралида Саудия тараққиёт жамғармаси шартномани якунлаш учун 375 миллион Саудия риали (100 миллион доллар) миқдорида кредит беришга тайёрлигини эълон қилди. Ўша йилнинг май ойида Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) худди шу мақсадда 500 миллион доллар миқдорида «имтиёзли маблағлар» ажратишга ваъда берган эди. Лойиҳага бошқа банк ва жамғармалар ҳам қизиқиш билдирган.

Ҳозирда Роғун ГЭСида ҳар бири 600 МВт қувватга эга иккита блок ишламоқда, учинчи блокни ишга тушириш 2025 йилга мўлжалланган. Лойиҳа тугаллангандан сўнг Роғун ГЭСи 3600 МВт қувватга эга ва йилига 13-17 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарадиган Марказий Осиёдаги энг йирик ГЭСга айланиши кутилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ