Самарқандда Европа Иттифоқи – Марказий Осиё биринчи саммити бўлиб ўтади

eeas.europa.eu сайти фотосурати

Европа Иттифоқи – Марказий Осиё биринчи саммити 2025 йилнинг 3-4 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси матбуот хизмати хабар берди.

Саммит Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари иштирокида ўтади. Европа Иттифоқидан Европа Кенгаши раиси Антонио Коста ва Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен иштирок этади.

Тадбир Европа Иттифоқи учун Марказий Осиё билан ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш ва минтақавий ҳамкорликни кенгайтиришдан геосиёсий манфаатдор эканини намойиш этиш учун асосий имконият бўлади, деб таъкидлади матбуот хизмати. Европа Иттифоқи ўзаро манфаатли соҳаларда, жумладан, транспорт, рақамли алоқа, стратегик хом ашё, иқтисодиёт, хавфсизлик ва энергетика соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга содиқлигини яна бир бор тасдиқлаши кутилмоқда.

«Биз хаос ва парчаланаётган дунёсда яшаяпмиз, бу ерда Европа Иттифоқи учун ягона ечим тинчлик ва фаровонлик йўлида ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат. Кўп қутбли дунёда янада фаол ва манзилли ўзаро таъсир зарур. Европа Иттифоқи-Марказий Осиё биринчи саммити халқаро ҳуқуқни тўлиқ ҳурмат қилган ҳолда тинчлик, хавфсизлик ва барқарор ривожланиш йўлида биргаликда ишлашга бўлган иштиёқимизни мустаҳкамлайди», — деди Антонио Коста.

Европа Иттифоқи-Марказий Осиё биринчи саммитини 2024 йил баҳорида ўтказиш режалаштирилган эди, бироқ бу сана кейинга қолдирилди. Бунга Европа Иттифоқининг минтақа бўйича махсус вакили Терхи Хакала сўзларига кўра, Европарламентга сайловлар ва Европа Иттифоқи янги раҳбариятини шаклланиши даври сабаб бўлган.

4 март куни Ашхободда саммитга тайёргарлик кўришга бағишланган вазирлар йиғилиши бўлиб ўтади.

Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси матбуот хизмати Европа Иттифоқи Марказий Осиёнинг иккинчи йирик савдо ҳамкори, шунингдек, минтақадаги барча инвестицияларнинг 40 фоиздан ортиғини ташкил этувчи энг йирик инвестор эканлигини таъкидлади. Икки томонлама алоқаларни янада чуқурлаштириш учун Европа Иттифоқи Туркманистондан ташқари барча Марказий Осиё давлатлари билан кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик шартномаларини (EPCA) келишиб олган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ