Тожикистонда давлат тўнтаришига уриниш иши бўйича судланувчилар қатор моддалар билан айбдор деб топилди

avesta.tj сайти фотосурати

Тожикистон Олий суди раисининг биринчи ўринбосари Шавкат Лутфуллозода журналистларга мамлакатдаги давлат тўнтаришига уриниш бўйича айбланувчиларнинг аксарияти давлатга хиёнат ва ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олиш моддалари бўйича судланганлигини айтди. Расмий бу тафсилотларни Душанбеда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди, деб хабар беради «Азия-Плюс».

Олий суд вакилининг сўзларига кўра, тергов материалларида айбланувчиларнинг ҳаракатлари давлатга хиёнат ва ҳокимиятни зўравонлик билан тортиб олишга қаратилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар мавжуд. Мазкур суд мажлисида судялик қилган Лутфуллозоданинг аниқлик киритишича, иш халқ маслаҳатчилари иштирокида кўрилган. Бироқ, мулозим қўшимча қилишича, маҳкама ёпиқ эшиклар ортида ўтгани боис, қонун унинг ҳолатлари ошкор этилмаслигини талаб қилади.

Шу билан бирга, Олий суд раиси ўринбосари Жиноят кодексининг иш бўйича асосий айбланувчиларга юкланган моддаларини эълон қилди. Шундай қилиб, Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг собиқ раҳбари Ҳамрохон Зарифий 27 йилга озодликдан маҳрум этилган, у бир қатор моддалар бўйича айбдор деб топилган:

✅ давлатга хиёнат (Жиноят кодексининг 305-моддаси 1-қисми);

✅ ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олиш (306-модданинг 1-қисми);

✅ давлат мансабдор шахсини интернетда ҳақорат қилиш (330-модданинг 2-қисми);

✅ оғир ёки ўта оғир жиноят содир этилганлиги тўғрисида била туриб ёлғон хабар бериш (346-модда 2-қисми «а» банди);

✅ масъулиятсизлик (322-модданинг 1-қисми).

Қамоқ муддатидан ташқари, дипломат давлатга 250 ҳисоб бирлиги – 10 минг сомоний (922 доллар) миқдорида давлат фойдасига жарима тўлаши керак бўлади.

Демократик партиянинг собиқ раиси, парламент собиқ депутати Саиджафар Усмонзода ҳам 27 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Давлатга хиёнат қилиш ва ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллаб олиш тўғрисидаги моддалардан ташқари, унга нисбатан ижтимоий, ирқий, миллий, минтақавий ёки диний адоват қўзғатиш (189-модданинг 2-қисми), «экстремистик ташкилот» фаолиятида иштирок этиш (307-3-модданинг 2-қисми) ва ўта йирик миқдордаги фирибгарлик (4-қисми) (224-моддаси 4-қисми) айбловлари қўйилган.

Қайд этилишича, Давлат хавфсизлик қўмитасининг истеъфодаги полковниги Жамшед Бобоев аввалроқ ОАВда эълон қилинганидек, 18 йил эмас, 21 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Худди шундай нотўғри муддат Демократик партия раҳбарининг собиқ ўринбосари Аҳмадшоҳ Комилзодага нисбатан ҳам берилган. Аслида у 19 йил қамоқ жазосини олган.

Тожикистон Олий судининг собиқ раиси Акбаршоҳ Искандаров, Социал-демократик партия раиси ўринбосари Шокиржон Ҳакимов ва ДХҚ истеъфодаги полковниги Нураҳмад Ғанизода 18 йилга озодликдан маҳрум этилган

Ҳукм эълон қилинган суд мажлиси 5 февраль куни Душанбедаги тергов изоляторида бўлиб ўтган. Шундай қилиб, ҳукм 15 февралдан кучга киради.

ℹ️ Давлат тўнтаришига уринишга оид иш бўйича биринчи суд мажлиси 2024 йил 14 ноябрда бўлиб ўтган. Адвокатларнинг суд жараёнини очиқ суд залига ўтказиш ҳақидаги илтимоси рад этилган. Ҳимоя томони ишни очиқ кўришни талаб қилган, бироқ судя суд мажлисларини тергов изолятори биносида ёпиқ эшиклар ортида давом эттиришга қарор қилган.

Аввалроқ Тожикистон Бош прокурори Юсуф Раҳмон Зарифи, Искандаров, Комилзода ва Ҳакимовлар ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллаб олишга уринганликда айбланиб, 2024 йил июнида ҳибсга олинган Саиджафар Усмонзода билан «яқин алоқада бўлган»ини айтган эди.

5 февраль куни суд барча судланувчиларни айбдор деб топувчи қарор чиқарди, уларнинг аксарияти узоқ муддатга қамалди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ