Қозоғистон Ғалаба байрамига бағишланган парадга 5 миллион доллар сарфлайди

Қозоғистондаги ҳарбий парад. ktk.kz сайти фотосурати

Остонада Ғалаба кунининг 80 йиллиги шарафига ҳарбий парад ўтказиш харажатлари 2,5 миллиард тенгега (5 миллион долларга яқин) баҳоланмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон Мудофаа вазирлиги тарбиявий ва мафкуравий ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Виталий Адамович маълум қилди, дея хабар беради ТАСС.

Унинг сўзларига кўра, харажатлар қўшинларнинг ҳаракатланиши, ҳарбий кийим-кечак, ёқилғи ва техникалар учун эҳтиёт қисмларни билан боғлиқ. Парадда 4,5 мингга яқин киши иштирок этиши кутилмоқда. Томошабинлар парад бўлинмаларининг марши, механизациялашган колонналар юриши ва самолётлар парвозларини кўришади. «Ушбу параднинг ўзига хос жиҳати ҳарбий хизматчиларнинг уруш даври либосларида юриши бўлади ва биринчи марта майдон бўйлаб Қозоғистон ҳудудидаги ҳарбий қисмларнинг жанговар байроқлари олиб ўтилади», — дея тушунтирди Мудофаа вазирлиги вакили.

Шу билан бирга, Миллий иқтисодиёт вазири ўринбосари Арман Касенов Ғалаба паради, биринчи навбатда Қозоғистон учун иминдли воқеа эканини маълум қилди. Амалдорнинг таъкидлашича, 2,5 миллиард тенге «кўп пул эмас», деб ёзади ORDA.kz.

Қозоғистон пойтахтидаги парад 7 май куни бўлиб ўтади. У Улуғ Ватан урушидаги Ғалабанинг 80 йиллигига ва шу куни нишонланадиган Ватан ҳимоячилари кунига бағишланади. Парад байрамнинг марказий воқеаси бўлиб, юбилейни нишонлаш бўйича жами 94 та тадбир ўтказилади.

Қозоғистонда охирги марта Ғалаба кунига бағишланган парад 2019 йили ўтказилган. 2021 ва 2020 йиллари коронавирус эпидемияси туфайли ҳарбий парад ўтказилмаган. 2022, 2023 ва 2024 йиллари расмийлар унинг бекор қилинишини бюджет маблағларини тежаш билан изоҳлаганлар (сўнгги йилларда республика бюджети тақчиллиги кузатилмоқда).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ