Қирғизистон терма жамоаси Осиё ўйинларининг чорак финалида Жанубий Корея терма жамоасига 0:20 ҳисобида имкониятни бой бериб, турнирдаги иштирокини якунлади.
Жанубий Корея терма жамоаси жаҳон чемпионатининг иккинчи кучли дивизионида ўйнаш тажрибага эга бўлган хоккей бўйича Осиё етакчиларидан бири ҳисобланади. Шу боис, Қирғизистон терма жамоасига умид қилганлар кам эди. Аммо, бу ўйингача қирғизистонликлар барча ўйинларда ғалаба қозонишган эди.
Биринчи бўлимдаёқ Қирғизистон терма жамоаси дарвозасига олтита шайба киритилди. Иккинчи йигирма дақиқада жамоа ўз дарвозасидан 11 та шайба ўтказиб юбориб, бутунлай парчаланиб кетди. Учинчи бўлимда корейслар тезлигини пасайтиришди, аммо қирғизлар тезликни оширгандек бўлишди. Қирғизистон ўз дарвозасидан бор-йўғи 3 та шайба ўтказиб юборди, аммо рақиб дарвозаси яқинида бир қанча хавфли вазиятларни юзага келтиролди, улардан бири фақат қўполлик билан тўхтатилди ва жанубий кореялик ўйинчи майдондан четлатилди.
Шу тариқа, Қирғизистон терма жамоаси турнирдаги иштирокини якунлади. Жанубий Корея ярим финалга чиқди.
Бу Қирғизистон терма жамоасининг тарихдаги энг йирик мағлубият эди. Илгари Олимпия сраралаш бахсида Руминияга қарши ўйинда шундай (2:18) мағлубият юз берганди.
Яна бир чорак финал учрашувида Қозоғистон терма жамоаси Гонконгни 24:0 ҳисобида мағлуб этди.
Ярим финал йўлланмаси учун Япония Таиланд билан, Хитой эса Тайван билан кураш олиб бормоқда.
Бунгача Туркманистон терма жамоаси еттинчи ўрин учун ўтказилган баҳсда Қувайтга 4:8 ҳисобида имкониятни бой бериб, мусобақани тарк этганди.
ℹ️ IX қишки Осиё ўйинлари Хитойнинг Харбин шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Осиё ўйинларининг тантанали очилиш маросими 7 февраль куни бўлиб ўтди, бироқ мусобақалар 3 февраль куни хоккей баҳслари билан бошланди. Ўйинлар 14 февраль куни якунланади. Унда тоғ чанғиси, чанғи учиш, биатлон, сноуборд, фристайл, ски-альпинизм, конкида учиш, шорт-трек, фигурали учиш, кёрлинг ва хоккей каби 11 та спорт тури бўйича 64 та медаллар жамланмаси учун кураш олиб борилади. Осиё ўйинларида 34 давлатдан 1274 нафар спортчи иштирок этмоқда.