Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари Россия фуқароларидан пул ундириш мақсадида Фарғона ва Тошкент шаҳарларида «колл-марказлар» ташкил этган йирик фирибгарлар тармоғини фош этди. Гумонланувчиларни қўлга олиш бўйича операция жорий йил январь ойида ўтказилган, дея хабар беради «Газета.uz» ДХХга таяниб.
Тергов маълумотларига кўра, 1986 йилда туғилган фарғоналик шахс 32 кишидан иборат жиноий гуруҳ тузган. Мазкур шахсларнинг барчаси қўлга олиниб, уларга нисбатан Республика Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми («Бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган фирибгарлик») ва 278-2-моддаси («Компьютер маълумотларидан ноқонуний фойдаланиш») билан жиноят иши қўзғатилган.
Аниқланишича, гумонланувчилар Фарғона шаҳрида иккита ва Ўзбекистон пойтахтида яна битта «колл-марказ» ниқоби остида фаолият юритишган. Интернетда биологик фаол қўшимчалар сотиб олган Россия фуқароларининг шахсий маълумотларидан фойдаланган ҳолда, бундай колл-марказ «операторлари» ўзларини тергов органлари ходимлари сифатида таништирган ва БАД сотувчилари томонидан етказилган тахминий маънавий зарарни қоплаш учун тўлов таклиф қилган. Уларнинг баъзилари Россия Молия вазирлиги вакиллари номидан иш олиб борган ва даромад солиғини тўлаганидан кейин пул компенсациясини ваъда қилган.
Маблағни ўтказиш учун эса улар ўзлари айтган банк картаси реквизитларига зарур миқдорда тўлов юборишни талаб қилган ва, акс ҳолда, маблағни қайтариб олиш имконсиз эканини айтган.
Бу йўл билан қанча россиялик алданиб қолгани ва фирибгарлар ишонувчан фуқаролардан қанча пул ундиришга муваффақ бўлгани ҳақида маълумот берилмаган.
Сўнгги пайтларда интернет-фирибгарлик жиноий гуруҳлар орасида машҳур тенденцияга айланди. Шунингдек, уларнинг ҳаракатлари кўпинча халқаро миқёсда бўлади. Масалан, ўтган йил апрель ойида Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консуллиги Туркияга ташриф буюрган ватандошларни жиноятчилар қурбонига айланиб қолишдан эҳтиёт бўлиш зарурлиги ҳақида огоҳлантирган эди.
Таъкидланишича, қуйидаги схемалар қўлланилган: фирибгарлар ўзларини адвокат сифатида кўрсатиб, онлайн буюртма бекор қилингандан сўнг, тахмин қилинган юридик ёки логистика тўловларини тўлашни талаб қиладилар. Ёки телефон орқали қўнғироқ қилиб, ўзларини ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари (полиция ёки разведка идоралари) деб таништириб, жабрланувчининг ҳисобидан хориждаги жиноий ёки террористик гуруҳлар ҳисобларига пул ўтказмалари амалга оширилганини даъво қилишади. Кейин фирибгарлар «ҳақиқий жиноятчиларни қўлга олиш» учун пулни янги ҳисоб рақамига ўтказишни сўрашади.