Дунё исмоилийларининг диий раҳнамоси, хайрия фаолияти билан машҳур шаҳзода Карим Оғахон IV Лиссабонда 89 ёшида вафот этди. Унинг ўлими Aga Khan Development Network ташкилоти томонидан эълон қилинди.
«Жаноби олийлари шаҳзода Карим Ал Ҳусайний, шиа исмоилийларнинг 49-меросий имоми ва Муҳаммад пайғамбар (С.А.В.)нинг бевосита авлодларидан бўлмиш Оғахон IV 2025 йил 4 февраль куни 88 ёшида Лиссабонда тинч-осойишта, оила аъзолари даврасида оламдан ўтди», — дейилади хабарда.
Бундан икки аср олдин ота-боболари Форсдан Ҳиндистонга қочиб ўтган Оғахон Швейцарияда туғилган ва Британия фуқаролигига эга бўлишига қарамай умрининг кўп қисмини Францияда ўтказган, деб ёзади Daily Mail. Оғахон Пайғамбар С.А.В. нинг қизи Фотима ва пайғамбарнинг амакиваччаси ва куёви Ҳазрати Али авлодидан эканлигига ишонилади.
Ёшлигида шаҳзода Карим Массачусетс технология институтига ўқишни ва табиий фанларни ўрганишни орзу қилган, аммо бобоси Оғахон III нинг талаби билан Гарвард университетини тамомлаб, ислом тарихи бўйича мутахассис бўлган. 1957 йили, бобоси вафотидан сўнг, йигирма ёшли шаҳзода Карим низорий-исмоилийларининг 49-имоми ва Оғахон IV бўлади.
Лондондаги Оғахон марказида Оғахон жамғармаси, Оғахон университети қошидаги Мусулмон цивилизацияларини ўрганиш институти ва Исмоилийшунослик институти жойлашган.
2023 йили Оғахон жамғармаси турли мамлакатда, жумладан Тожикистон ва Афғонистонда таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ тараққиёти, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва фуқаролик жамияти ташкилотларини қўллаб-қувватлашни рағбатлантириш ва таъминлаш ишларига жами 58,13 миллион фунт стерлинг ажратган. Оғахон хайрия ташкилотлари асосан ривожланаётган мамлакатларда юзлаб шифохоналар, таълим ва маданий лойиҳаларни бошқаради. Шаҳзода Nation Media Groupга асос солган, у Шарқий ва Марказий Африкадаги энг йирик мустақил медиа ташкилотига айланган.
Оғахон IV Тожикистонга илк бор 1995 йили келган. Бу мамлакатда издошлар билан биринчи учрашув куни – 25 май – ҳар йили республиканинг исмоилийлар жамоаси томонидан Нур куни ёки Учрашув куни – Рўзи Нур (Дидор) сифатида нишонланади. Оғахон IV 1990-йиллари помирликларни қутқариб қолган деб ҳисобланади. Фуқаролар уруши йилларида Оғахон Тоғли Бадахшон аҳолисига кўрсатган озиқ-овқат гуманитар ёрдами одамларни оммавий очликдан қутқариб қолганди, деб ёзади «Азия-плюс».
Оғахоннинг икки никоҳи ва тўрт фарзанди бор. Марҳум шаҳзоданинг вориси унинг тўнғич ўғли, 53 ёшли шаҳзода Раҳим бўлиши кутилмоқда.