1 февраль куни Тошкентнинг «Ҳумо» хоккей клуби «Ҳумо Арена»да ҳар йили ўтказиладиган «Мишкопад» (юмшоқ айиқча ўйинчоқларини ташлаш) хайрия акциясини ўтказади. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
Хайрия тадбири Қозоғистон чемпионатининг навбатдаги мавсумининг сўнгги ўйинидан кейин бўлиб ўтади – шу куни «Ҳумо» Остонанинг «Номад» жамоаси билан ўйнайди.
Ушбу тадбирда истаган одам қатнашиши мумкин, у ўзи билан шикастланмаслиги учун ўралган юмшоқ ўйинчоқни олиб келса кифоя. Ўйинчоқларни аренанинг ўзида ҳам сотиб олиш мумкин. Ўйин якунлангач, ўинчоқлар муз майдонига отилади, уларни арена хизматчилари йиғиштириб олади.
Ўйинчоқлар, шунингдек «Мишкопад 2025» акциясида ўйинчоқлар сотувидан тушган маблағлар орқа мия мушаклари атрофияси (СМА) билан беморланган болалар учун реабилитация марказини яратиш лойиҳасини амалга оширишга йўналтирилади.
«Ҳумо» хоккей клуби барча Ўзбекистон аҳолиси ва меҳмонларини мазкур учрашувга ташриф буюришга ва тадбирда иштирок этишга таклиф қилади.
Ўзбекистонда биринчи «Мишкопад» 2020 йил 5 феврал куни «Ҳумо Арена»да ВХЛ доирасидаги «Ҳумо» ва Твернинг «Динамо» жамоалари ўртасидаги учрашувда юз берганди. Ўшанда болаларга мингга яқин юмшоқ ўйинчоқлар берилган. Шундан бери мазкур тадбир ҳар йили ўтказиладиган анъанага айланди.
Марказий Осиё хоккейи тарихидаги илк «Мишкопад» 2015 йил 29 декабрь куни Остона шаҳрида КХЛ доирасидаги «Барис» ва Москванинг ЦСКА жамоалари ўртасидаги учрашувда содир бўлганди.
Ҳумо хоккей клуби 2018 йили ERIELL иштирокида ташкил этилган. Дастлабки мавсумдаёқ жамоа Ўзбекистон чемпионатининг гуруҳ босқичида ғолиб чиққан. 2019 йил баҳорида клуб ВХЛга қўшилади ва дублёр жамоа Қозоғистон чемпионатида «Ҳумо-2» номи билан эълон қилинди.
Мавсум якунида «Ҳумо-2» чемпионатда ўнинчи ўринни эгаллади. Асосий жамоа янада муваффақиятли кўринди ва Петров кубогининг чорак финалига чиқди. Бироқ, тошкентликлар коронавирус пандемияси туфайли Москванинг «Звезда» жамоасига қарши серияни якунлай олмаган.
2020 йил апрель ойида жамоа раҳбарияти COVID-19 пандемиясига қарши курашиш бўйича дунёнинг аксарият давлатларида кўрилаётган қатъий чеклов чоралари туфайли «Ҳумо» ВХЛдаги мавсумни, «Ҳумо-2» эса Қозоғистон чемпионатидаги мавсумни ўтказиб юборишини маълум қилганди. «Ҳумо» 2022 йилдан бери Қозоғистон чемпионатида иштирок этади.