2024 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 5,3 миллион сўмни (412 доллар) ташкил этган, бу 2023 йилда қайд этилган кўрсаткичдан 17,4 фоизга кўпдир. Лекин фақат Тошкент ва Навоий вилоятида маошлар республика даражасидан юқори бўлган, дейилади мамлакат президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги ҳисоботида.
Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, сўнгги бир неча йиллик кузатувлар давомида ўртача иш ҳақи икки бараварга ошган. Масалан, 2020 йили бу кўрсаткич 2,6 миллион сўмни (200 доллар) ташкил қилган. Ўтган йил якунларига кўра, аниқроғи, солиқлар ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа чегирмаларни ҳисобга олган ҳолда ўртача ойлик номинал иш ҳақи 5 миллион 357 минг 200 сўмни ташкил этган.
Шу билан бирга, республиканинг аксарият вилоятлари аҳолисининг иш ҳақи юқоридаги кўрсаткичга ҳам етмайди. Фақатгина Тошкент ва Навоий вилоятида бу кўрсаткич мамлакатдаги ўртача иш ҳақи даражасидан ошиб кетган – мос равишда 9 миллион сўм (698 доллар) ва 6,7 миллион сўм (515 доллар).
Маоши 4 миллион сўмга ҳам етмайдиган аутсайдерлар орасида Жиззах, Фарғона, Наманган, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари бор.
Тошкент шаҳри иш ҳақининг ўсиш динамикаси бўйича етакчи бўлиб, йил давомида иш ҳақи 21,4 фоизга ошган. Кейинги ўринларда Самарқанд (+17,6 фоиз), Сирдарё (+16,7 фоиз) ва Наманган (+16,5 фоиз) вилоятлари жойлашган. Тошкент, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида иш ҳақи бошқа ҳудудларга қараганда секинроқ ўсган — 12% дан сал кўпроқ.
Статистика агентлиги таҳлилчилари қайси фаолият турлари энг юқори ҳақ тўланадиган соҳа эканини ўрганиб чиқишган. Бу ерда биринчи ўринда банкирлар, суғуртачилар, лизинг-кредит компаниялари вакиллари турибди. Улар ўртача ойига 15,2 миллион сўм (1170 доллар) маош олади. Ўзбекистонда IТ-мутахассислари яхши яшайдилар, ойликлари 13 миллион сўмдан сал кўпроқ (1000 доллар).
Кейинги ўринларда:
✅ ташиш ва сақлаш — 8,1 миллион (623 доллар);
✅ саноат — 6,4 млн ($492);
✅ савдо — 6,2 миллион (477 доллар);
✅ қурилиш — тахминан 6 миллион ($461).
Юқори ҳақ тўланадиган касблар рейтингининг охирги қаторларини мос равишда 3,6 миллион (277 доллар) ва 3,4 миллион (261 доллар) кўрсаткичлари билан ўқитувчилар ва шифокорлар эгаллаган.