Қирғизистонда юридик шахсларни номлашда «миллениум», «нирвана» ва «халифалик» сўзларини ишлатиш тақиқланди

akipress.org сайти фотосурати

Қирғизистон ҳукумати юридик шахсларни номлашда диний атамалардан фойдаланишни тақиқлади. Жумладан, рўйхатга ислом, насронийлик, буддавийлик, иудаизм ва бошқа эътиқодларга оид сўз ва атамалар киритилган. Бу ҳақда республика Вазирлар Маҳкамаси раиси Адилбек Қосималиев имзолаган қарорга асосланиб, «АКИпресс» хабар берди.

Реестрда юздан ортиқ бандлар мавжуд бўлиб, барча сўзлар, исмлар ва иборалар нимани англатишини ва қайси динга мансублиги тушунтирилган. Масалан, энди қирғизистонлик тадбиркорларга ўз компанияларини номлашда қуйидаги сўзларни ишлатиш тақиқланади:

👉 «миллениум», «насронийликда Қиёматга қадар минг йиллик бахтли ҳаёт» тушунчасини англатади;

👉 «нирвана» — «Шарқдаги диний эътиқодларда энг олий ҳузур ҳолатини англатади»;

👉 «халифалик» — «Ислом давлати» ва ҳ.к.

Бироқ, ҳужжатда рўйхатни тузган мансабдор шахсларнинг мантиққа асосланмаганини кўрсатувчи бир қатор нуқталар мавжуд. Масалан, рўйхатда «черков» ва «синагога» каби атамалар тилга олинади, лекин «масжид» сўзи йўқ. Худди шу нарса муқаддас китобларга ҳам тегишли. Рўйхатда зардуштийликнинг асосий китоби бўлмиш «Авесто» ёки «Инжил» сўзи келтирилган. Аммо «Қуръон» ёки «Таврот» тилга олинмаган.

Қўшимча қилиш лозим, тақиқ остига «муслим», «мунчи» («Мун» («Ой») сектаси аъзоси), «адвентистлар» (Масиҳнинг иккинчи бор келишини кутаётганлар) сўзлари киритилган. Аммо «насроний», «буддавий» ёки «атеист» сўзлари рўйхатда йўқ.

Инжилда тилга олинган ҳаворийларига нисбатан ҳам баъзи адолатсизликлар кузатилади (дарвоқе, «Масиҳ» ва «ҳаворий» сўзлари рўйхатга киритилган), зеро Исонинг 12 шогирдидан фақат иккитаси тилга олинган: «Павел» ва «Иоанн». Бундан келиб чиқадики, «Андрей», «Матфей» ёки «Иуда» («Яҳудо») номларини ишлатилиш мумкин.

Умуман олганда, Қирғизистонда ўз корхонасини рўйхатдан ўтказмоқчи бўлган бизнес вакиллари ўз компаниясини номлашда рад жавобини олмаслик учун расмийлар томонидан тасдиқланган мазкур реестрга эътибор қаратишлари лозим.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ