Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев яқин истиқболда тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларини қайта ишлаш тармоғини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичларини белгиловчи қарорни имзолади. Шундай қилиб, 2025 йил охиригача экспорт ҳажмини 4 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Тегишли ҳужжат Lex.uz порталида эълон қилинди, у 22 январдан кучга кирди.
Ўзбек тўқимачилик маҳсулотларини хорижга етказиб беришнинг босқичма-босқич ўсиши кўзда тутилган. Келгуси йили экспорт ҳажми 5 миллиард долларга, 2027 йилда эса 7 миллиард долларга етиши керак.
Шу билан бирга, АҚШ ва Европа давлатларига товар жўнатиш ҳажмини 500 миллион долларга етказиш вазифаси қўйилди. Соҳага илғор технологиялар ва замонавий дизайн ечимларини жорий этиш, халқаро брендларни жалб этиш ҳисобига ташқи бозорга жўнатилаётган тайёр маҳсулотлар улушини 70 фоизга етказиш зарур.
Ип-калавани чуқур қайта ишлашни янада ривожлантириш мақсадида 5,0 миллиард АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар ва кредитлар жалб қилиш кўзда тутилган.
Президент қарорида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари ҳам белгилаб берилган. Жамғарманинг ип-калава ва матонинг экспорт йиғимидан тушадиган маблағларининг 2025 йилда 15 миллион АҚШ доллари (2026 йилдан бошлаб камида 80 фоизи) ҳамда ишлаб чиқариш ускуналари харидини субсидиялаш учун назарда тутилган маблағлар ҳисобидан 15 миллион АҚШ доллар газлама, мато ва тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳалари доирасида асбоб-ускуналар харид қилишни кредитлаш учун хорижий валютада тижорат банкларига йўналтирилади, шунингдек, зарур ҳолларда, Савдо-саноат палатаси ёки «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси томонидан Лойиҳаларда таъсисчи сифатида қатнашиш учун фойдаланилиши мумкин.
Тадбиркорлар ускуналар сотиб олиш учун кредит олиш ҳуқуқига эга. Кредитлар тадбиркорлик субъектлари буюртмасига асосан асбоб-ускуна қийматининг 15 фоизи миқдорида бўнак (аванс) тўловларини молиялаштириш учун хорижий валютада йиллик 4 фоиз ставкада (шундан 2 фоиз банк маржаси) 7 йил муддатгача ажратилади.
Бундан ташқари, «Савдони ривожлантириш компанияси» АЖ ташкил этилади, бу тадбиркорлик субъектларига техник масалаларда, хусусан, маҳсулот сифати халқаро сертификатларини олиш харажатларини қоплашда ёрдам беради. Фармонга кўра, мазкур ташкилот Made in Uzbekistan дастурини амалга ошириш учун маҳаллий товар ва брендларни халқаро бозорларда илгари суриш, жойлаштириш ва реклама қилиш учун 2 миллион доллар ажратади.
Ҳужжатда қайд этилишича, «Савдони ривожлантириш компанияси» Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 2028 йил 1 январдан бошлаб тўлаш шарти билан йиллик 4 фоиз ставкада беш йил муддатга 100 миллион доллар миқдорида кредит олади.