Хорижга ишлашга кетган Ўзбекистон фуқаролари ипотека кредитини олишлари мумкин. Президент Шавкат Мирзиёев шу борада тизим ишлаб чиқиш бўйича тегишли мутасаддиларга топшириқ берди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.
Мирзиёев 23 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон резиденти даромад декларацияси асосида расмий иш жойи бўлмаса ҳам ипотека олиши мумкинлигини таъкидлади. Лекин ҳозирда хорижга ишлашга кетганларга «Ўзбекистонда расмий даромади йўқ», деган важ билан кредит ва субсидия берилмаяпти.
Мутасаддиларга хорижда меҳнат қилаётган ва олти ой ичида мунтазам пул ўтказиб келаётган фуқаролар даромадини ҳисобга оладиган тизим яратиш топширилди.
Расмийларга кўра, ипотека кредитлари хорижда ишлаётган ва Ўзбекистонга камида олти ой давомида мунтазам равишда пул ўтказаётган фуқароларга берилади.
ℹ️ Шавкат Мирзиёев 2016 йили ҳокимият тепасига келганидан бери Ўзбекистонда чет элга ишлашга кетаётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш бўйича чоралар кўрила бошланди. Жумладан, уюшган меҳнат миграцияси дастурлари бўйича хорижга чиқаётган фуқароларга меҳнат визасини олиш, чет тили ва касб бўйича имтиҳон топшириш, шунингдек, йўл кира харажатларини қисман қопланиши ваъда қилинган.
2025 йил 1 июлга қадар Ўзбекистонда мамлакатдан четга чиқиб кетаётган ва ватанга қайтаётган барча шахсларнинг ягона электрон маълумотлар базаси яратилиши керак. Шу билан бирга, мигрантлар учун мобил илова яратилади, унинг ёрдамида хориждаги бўш иш ўринлари ҳақида маълумот олиш, ватандошлар ва муаммоларга дуч келган фуқароларга ёрдам берувчи ташкилотлар билан боғланиш, шунингдек, пул ўтказиш имконияти пайдо бўлади.