«Дордой» футбол клубининг собиқ матбуот котиби, журналист ва блогер Тенгелбес Мусаев Championat.Asiaга Қирғизистон чемпионатида пайдо бўлган тўртта янги футбол клуби ҳақида гапириб берди. Журналист интервьюни ўзининг Тelegram-каналида эълон қилган.
Яқинлашиб келаётган футбол бўйича Қирғизистон чемпионатида 14 та жамоа иштирок этади. Мусаев лигадаги янги клублар ҳақида гапириб берди.
«Барс» — Қоракўл курорт шаҳри ва умуман бутун Иссиқкўл вилояти вакили саналади. Мамлакат олий лигасида ушбу ҳудуддан бирорта жамоа қатнашмаганига анча вақт бўлган. Охирги марта «Иссиқкўл» клуби (чемпионатда сўнгги ўрин, 22 учрашув: 1 ғалаба, 1 дуранг ва 20 мағлубият) 2000 ва 2011 (жамоа мавсум давомида турнирни тарк этган) йиллари бўлган. Ҳозирда бу салмоқли молиявий имкониятларга эга бўлган жуда амбицияли лойиҳадир. Клуб чемпионликка асосий давогарлардан бири саналади.
Бош мураббий Александр Крестинин сиймосига алоҳида ўрин берилган. Ҳозирданоқ унинг қўл остида терма жамоада ишлаган, энди у билан «Барс»да бўладиган бир қанча тажрибали қирғизистонлик футболчиларни номлашимиз мумкин. Жамоа чет элликлар (асосан руслар) ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидан келган бир нечта футболчилар билан ҳам шаклланган. Шу билан бирга, «Барс» клубининг президенти ёки эгаси ким экани ҳақида ҳеч қаерда очиқ маълумот йўқ, бироқ изоҳларда кўпчилик мухлислар клуб футболни жуда севадиган ва ўзи иссиқкўллик бўлган мамлакат президентининг эътиборидан баҳраманд бўлаётганига ишонишади.
«Бишкек Сити» — бу нолдан яратилаётган мутлақо янги лойиҳа. Клуб раҳбарияти бош мураббийликка Бразилиядан мутахассис таклиф қилган. Унга Қирғизистон терма жамоасининг собиқ футболчиси, Қирғизистон терма жамоасининг словакиялик бош мураббийи Шрефан Тарковичнинг собиқ ёрдамчиси – Эдгар Бернхардт ёрдам бермоқда. Клуб Бразилиядан бир қанча ўйинчилар билан шартнома имзолаганини эълон қилган. Айни пайтда жамоа йиғинларни ўтказмоқда ва футболчилар бир-бирига кўникиб қолишмоқда. Ушбу лойиҳа қирғиз сиёсий арбоби Нариман Тюлеев билан боғлиқ.
«АзияГол» — аввали мавжуд бўлган тўртта дебютантдан биттаси. Болалар академияси даражасида бўлса ҳам. Энди унинг эгаси профессионал жамоани яратишга қарор қилган ва шу тариқа ёш талабалар ўсиб-улғайиб, биринчи жамоага киришга ҳаракат қиладиган ёшлар қаторини тузишга қарор қилган. Клуб президенти — Бобур Тўлбоев. У Қирғизистонда ва ундан ташқарида таниқли тадбиркор ва хайриячи ҳисобланади. Ҳозирча бош мураббий номи расман эълон қилинмаган, бироқ «Абдиш-Ата»ни икки марта чемпионликка ва ОФК кубоги нимчорак финалига олиб чиққан, шартномани узайтириш таклифини олмаган ўзбекистонлик мутахассис Ислом Аҳмедов бўлиши ҳақида маълумотлар тарқалган. Аҳмедов тайинланганининг яна бир тасдиғи у билан аввал «Абдиш-Ата»да ишлаган мутахассислар директор ва мураббий ёрдамчиси бўлганидир.
Футболчилар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.
«Ўзган» — 70 мингга яқин аҳолиси бўлган шу номдаги шаҳарни ифодаловчи клуб. Афтидан, Қирғизистон футбол харитасида янги нуқта ҳисобланади. Клубга раҳбарлик маҳаллий ёш мутахассис Нодирбек Мамадалиевга ишониб топширилган. У бир қатор клублар, ёшлар жамоалари ва миллий терма жамоалар билан ишлаш тажрибасига эга, аммо бу унинг олий лига клуби бош мураббийи сифатидаги илк тажрибаси бўлади. Клуб фаол трансфер сиёсатини олиб боради ва сифатли футболчиларни таклиф қилади. Миш-мишларга ишонадиган бўлсак, «Ред Петролеум» ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғи «Ўзган» ҳомийсига айланади.