Қалбаки спиртли ичимлик истеъмолидан яна уч нафар ўзбекистонлик Истанбул касалхонасида вафот этди

ria.ru сайти фотосурати

Туркиядаги шифохоналардан бирида қалбаки ароқдан заҳарланган яна уч нафар ўзбекистонлик вафот этди. Шу тариқа, ушбу Марказий Осиё республикасининг 17 нафар фуқароси қалбаки спиртли ичимликлардан вафот этди, дея хабар беради Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консуллиги.

Таъкидланишича, 3 нафар беморнинг ўлими 17 январ куни қайд этилган. Дипломатлар жасадларни ватанга жўнатиш учун зарур ҳужжатларни тайёрлашмоқда. Вафот этганларнинг оила аъзоларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатилмоқда.

Бош консуллик хабарига кўра, айни дамда яна беш нафар ўзбекистонлик Истанбул тиббиёт муассасаларининг реанимация бўлимида даволанмоқда. Дипломатик миссия вакиллари жабрланганларнинг қариндошлари ва шифокорлар билан мунтазам боғланиб алоқада.

Шу билан бирга, қалбаки спиртли ичимликдан заҳарланган ватандошлар уй шароитида даволанишга уриниб, шифокорларга мурожаат қилмаган ҳолатлар ҳам кузатилгани қайд этилмоқда. Бундай ҳаракатларнинг асосий сабаби — клиникада даволаниш қиммат бўлишидан чўчишдир. Шу муносабат билан Бош консуллик заҳарланиш аломатларини сезган фуқаролардан 112 рақами орқали тез ёрдам чақиришни ёки ўзлари касалхонага боришларини сўрайди. «Қизил ҳудуд» («kırmızı alan») орқали мурожаат қилинганда турк шифокорлари беморларни бепул қабул қилишлари таъкидланади.

ℹ️ Одамларнинг қалбаки спиртли ичимликдан оммавий заҳарлангани 15 январь куни маълум бўлди. 17 январь ҳолатига кўра, Туркия ОАВлари 88 киши тиббий ёрдамга мурожаат қилгани ҳақида хабар берган. Ўшанда маҳаллий аҳоли, шунингдек, Ўзбекистон ва Туркманистондан келган меҳмонларни ҳисобга олган ҳолда 37 киши вафот этган.

Туркия полицияси Туркманистоннинг икки фуқароси Агажан О. ва Амангули Д.ни Ziya Gökalp ҳудудида спиртли ичимликлар ишлаб чиқариш ва сотишда гумон қилган. Уларнинг ўз маҳсулотини яшаш жойидан унча узоқ бўлмаган хонадонда ишлаб чиқаргани аниқланган. Расмийлар нафақат уларни, балки яна етти кишини ҳам ҳибсга олган. Уч нафари сўроқдан кейин қўйиб юборилган, олти нафари устидан тергов давом этмоқда.

Прокуратура тергов ишларини бошлади. Гумонланувчилар бир қанча моддалар, жумладан, «эҳтиётсизлик оқибатида ўлимга сабаб бўлиш» ва «ноқонуний гиёҳванд моддалар савдоси» бўйича айбланмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ