АҚШнинг янги санкциялар рўйхатига Қирғизистоннинг Керемет банки (Keremet bank) киритилган. Бу ҳақда АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) хабар берди.
OFAC маълумотларига кўра, Керемет банк Россия мудофаа саноатини молиялаш ва йирик мудофаа шартномаларига хизмат кўрсатгани учун 2022 йил февраль ойидан бери санкцияга учраган Россия расмийларига ва Промсвязьбанк (ПСБ) га чекловларни четлаб ўтишга ёрдам берган. Жумладан, Қирғизистон банки ПСБ номидан трансчегаравий ўтказмаларни амалга оширган.
2024 йили Қирғизистон Молия вазирлиги Керемет банк акцияларининг назорат пакетини «Россия ҳукумати билан яқин алоқада бўлган россиялик олигархга яқин фирма»га сотган. OFAC баёнотида фирма номи кўрсатилмаган. «Керемет банк Россияга импорт ва экспорт тўловларини амалга оширишда санкцияларни четлаб ўтиш учун хаб вазифасини бажариш мақсадида сотиб олинган», — дея тушунтиради АҚШ маҳкамаси.
ℹ️ 24.kg хабар беришича, 2024 йил июль ойида Жогорку Кенеш (Қирғизистон парламенти) депутати Дастан Бекешев Керемет банк россиялик олигархга сотилганини маълум қилганди, бироқ банк вакиллари унинг сўзларини рад этишганди. Август ойида банк Адлия вазирлигида қайта рўйхатдан ўтказилган, натижада унинг таъсис ҳужжатларида чет эл иштироки қайд этилган.
Сентябрь ойи ўрталарида Қозоғистондаги Евроосиё банкини аввал бошқарган Татьяна Куржей Керемет банкининг янги раҳбари бўлган. Шу билан бирга, Бекешев банк устав капиталининг 75 фоизи 10 миллион долларга сотилаётганини маълум қилган.
Kaktus.media хабарига кўра, 25 декабрь куни Қирғизистон Молия вазирлиги Керемет банк устав капиталининг 75 фоизини Люксембургнинг ALTAIR HOLDING S.A. компаниясига 6,5 миллиард долларга (74,3 миллион доллар) сотиш бўйича битимни якунлаган.
👉 Қирғизистон Миллий банки Керемет банкига нисбатан санкциялар жорий этилиши ҳақидаги хабарга муносабат билдирди.
Регулятор республика банк сектори барқарорлик, яхши капиталлашув ва етарли ликвидлик, шунингдек, ташқи рискларга қаршилик кўрсатишга қодир эканини намоён қилаётганига ишонтиради. Тижорат банклари одатдагидек ишлайди ва мижозларга узлуксиз хизмат кўрсатади. Ички валюта бозоридаги вазият барқарорлигича қолмоқда. Миллий банк томонидан санкцияларнинг мамлакат банк тизимига салбий таъсирини минималлаштириш ва молиявий барқарорликни таъминлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Зарур ҳолларда тартибга солувчи орган омонатчилар ва кредиторлар манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, банк сектори барқарорлигини сақлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ва воситаларни қўллашга тайёр, дейилади Миллий банк хабарида.
▶️ Керемет банк санкциялар рўйхатига киритилгани юзасидан шикоят қилиш ниятида эканини маълум қилган. Кредит ташкилоти сайтидаги хабарда банк одатдагидек ишлашда давом этаётгани, «мижозлар ва ҳамкорлар олдидаги ўз мажбуриятларини шаффофлик, ишончлилик ва масъулиятлилик тамойилларига содиқ тарзда бажараётгани» борасида сўз юритилган.