Кремль: Ўзбекистон ва Қозоғистон 2025 йил 1 январдан бошлаб БРИКС ҳамкор давлатларига айланади

muhabir.com.tr сайти фотосурати

2025 йил 1 январдан Ўзбекистон ва Қозоғистон расман БРИКС ҳамкор давлатлари мақомини олади. Бу ҳақда Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилди, дея хабар беради ТАСС.

Ўзбекистон ва Қозоғистондан ташқари БРИКС бўйича янги ҳамкор давлатлар рўйхатига Беларусь, Боливия, Индонезия, Куба, Малайзия, Таиланд ва Уганда киритилган. Ҳаммаси бўлиб 13 та давлатга таклифномалар юборилган, Россия эса яна тўртта давлатдан жавоб кутмоқда.

БРИКС ҳамкор давлатлари тоифасини яратиш тўғрисидаги қарор 2024 йил октабрь ойида Қозонда бўлиб ўтган саммитда қабул қилинган эди. Ушаковнинг сўзларига кўра, саммит арафасида ассоциацияга у ёки бу мақомда ўз фаолиятига қўшилиш учун 35 давлатдан аризалар келиб тушган.

Ҳамкор мамлакатлар вакиллари БРИКС саммитлари ва ташқи ишлар вазирлари йиғилишлари доирасидаги якка тартибда учрашувларга, шунингдек, ассоциациянинг бошқа тадбирларида иштирок этиш учун таклиф этилади.

ℹ️ БРИКС (BRICS) — тўққизта давлатнинг бирлашмаси: Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Африка, БАА, Эрон, Миср ва Эфиопия. Ташкилот 2006 йил июнь ойида ташкил этилган. Блокнинг сўнгги кенгайиши 2024 йил 1 январда содир бўлган.

  • Исроилнинг Эронга ҳужуми ядровий таҳдидни тинч ва куч ишлатиш йўли билан ҳал этиш сценарийларига таъсир қилгани ҳақида

  • Қирғизистон жанубида юзлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган миллатлараро можарога 15 йил тўлди

  • Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этади

  • Қозоғистон газни қайта ишлаш заводи қурилиши юзасидан Ғарб инвесторлари билан очиқ можарога киришди