Актау аэропортида (Ғарбий Қозоғистондаги шаҳар) Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари самолётларига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш маркази пайдо бўлади. Бу ҳақда Транспорт вазири Марат Қарабаев парламентнинг қуйи палатаси мажлисида маълум қилди, деб ёзади Forbes.kz.
Бу ерда нафақат таъмирлаш базаси, балки малакали мутахассислар тайёрлайдиган ихтисослаштирилган ўқув марказлари ҳам барпо этилиши режалаштирилган. Вазирнинг сўзларига кўра, лойиҳа Туркиянинг YDA, Turkish Technic ва ASFAT компаниялари томонидан амалга оширилади. «Марказ (...) Қозоғистон, Россия ва Марказий Осиё давлатларининг фуқаролик ва ҳарбий самолётларига хизмат кўрсатади. Мамлакатимиз, РФ, Ўзбекистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистон фуқаро авиациясининг 411 та йўловчи самолёти шулар жумласидан», — деди вазир.
Қарабаев Ақтау аэропортини «истиқболли мультимодал авиация маркази» деб атади ва унинг асосий афзаллиги транспортнинг барча турларидан фойдаланиш имкониятини бериши ва Европага яқин эканини таъкидлаган. «Фақат уч соатлик парвоз», — дея эслатади вазир. Модернизация натижасида аэропортнинг юк ташиш қуввати йилига 200 минг тоннагача ошади, йиллик айланмаси эса 520 миллиард тенгени (994 миллион доллар) ташкил этади, дея ваъда беради Қарабаев.
Украина ҳудудида махсус ҳарбий операция (МҲО) бошланганидан сўнг, Россия фуқаро авиацияси мисли кўрилмаган халқаро санкцияларга дучор бўлди, жумладан, сўнгги бир неча йил ичида мамлакатга самолётлар учун эҳтиёт қисмларни етказиб бериш тақиқланди.