Мирзиёев сусткашлик ва масъулиятсизлик туфайли 300 га яқин раҳбар ишдан бўшатилганини маълум қилди

Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иқтисодиёт соҳасидаги 297 нафар мутасадди раҳбар аҳоли ва хусусий тадбиркорлик масалаларини ҳал этишда сусткашлик ва масъулиятсизликка йўл қўйгани учун ишдан бўшатилганини маълум қилди. Давлат раҳбари маҳаллаларда камбағалликни камайтиришга бағишланган йиғилишдаги нутқида шундай маълумотларни келтириб ўтди, деб хабар беради унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Мирзиёевнинг сўзларига кўра, айрим раҳбарлар маҳаллалардаги муаммолар вақтинчалик ва ўз-ўзидан ҳал бўлади, деган фикрда юради. Бу масалада бепарволик ва пассивликка йўл қўйиб бўлмайди, шунинг учун 300 га яқин давлат хизматчиси ўз лавозимидан айрилган. Уларнинг ўрнига янги ғояларни жорий эта оладиган, фуқаролар ҳаётини яхшилаш борасида натижаларга эриша оладиган, замонавий тафаккурга эга ёш, ташаббускор кадрлар тайинланди, дея қўшимча қилди президент.

Шунингдек, амалдаги мутасаддиларни аҳоли ва тадбиркорлар муаммоларини жойларда ҳал қилиш учун маҳаллаларга бормасалар, ишдан бўшатишлари ҳақида огоҳлантирди.

«Кўриб турибсизлар, ҳар дақиқа дунёдаги сиёсий ва иқтисодий вазият қийинлашиб, янги-янги таҳдидлар пайдо бўлаяпти. Уларга бугун жавоб топмасак, кейин кеч бўлади», — деди давлат раҳбари.

Ижобий жиҳатлар, жумладан, Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор ва Ғиждувонда тадбиркорлик муҳити тубдан ўзгаргани, одамларнинг даромади ошгани, эртанги кунга ишонч пайдо бўлаётгани таъкидланди. Хусусан, Уйчи туманида банклар 3 минг 200 та фаол мижоз билан ишлаб, муаммоларни ҳал қилиб бергани учун 9 минг одам доимий ишли бўлган. Камбағаллар сони 6 мингга камайган.

Сайхунободдаги 3 минг 200 та хонадонда лойиҳалар ишга туширилган, 12 минг одам ўз томорқасида даромад топишни ўрганган. Зарбдорда 13,5 минг, Ғиждувонда 28 минг иш ўрни яратилган. Бунинг ҳисобига қўшимча 10,5 минг аҳоли камбағалликдан чиқарилган.

Умуман, йил бошидан ушбу 4 та тажриба доирасида 3 миллион 300 минг аҳоли доимий даромадга эга бўлган. Муҳими, хонадонларнинг ойлик даромади 7,5 миллион сўмдан 10,5 миллион сўмга ошган.

Бир қатор ҳудудларда ишсизлик даражаси камайган. Буларнинг барчаси ҳокимликлар ва банкларнинг самарали ҳамкорлиги билан боғлиқ бўлган.

Президент бундай лойиҳаларни давом эттириш зарурлигига, бунинг натижасида келгуси йилда беш миллиондан ортиқ киши доимий даромадли фуқаролар сафига қўшилиши, 1,5 миллионга яқин фуқаро камбағалликдан чиқарилиши зарурлигига эътибор қаратди.

Мирзиёевнинг қўшимча қилишича, сўнгги олти йилда оилавий тадбиркорлик дастури доирасида 750 минг аҳоли кредитини вақтида қайтариб, даромадли бизнесга эга бўлган. Улардан 58 минги янги корхона ҳам очган. Энди молия институтларининг вазифаси иш бошлаган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг янги босқичга чиқишига ёрдам беришдан иборат. Шу муносабат билан «Кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш «дастури доирасида 300 миллион сўм (23,3 минг доллар) миқдорида шартсиз кредитлар ажратилиши маълум қилинди.

Оилавий тадбиркорлик дастурларига кредит ресурслари фақат давлат маблағларидан ажратилмоқда. Халқ банки ташаббуси билан Осиё тараққиёт банкининг молиявий оммабоплик дастури доирасида 50 миллион сўмгача ортиқча ҳужжат ва гаровсиз кредит берилмоқда. Бу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, Осиё тараққиёт банки дастурга 150 миллион доллар ажратишга тайёр. Шу билан бирга, президент давлат банкларига хорижий кредитларни фаол жалб этиш бўйича топшириқ берди: 1 миллиард доллар миқдоридаги маблағ 250 минг кишига ўз бизнесини очиш имконини беради.

Шунингдек, шароити оғир 71 та туманга бошқа ҳудудлардан тадбиркорларни таклиф қилиш учун уларга қўшимча кредит, 2025 йилда 1 мингта оғир маҳалла инфратузилмасига 3 триллион 200 миллиард сўм (тахминан 250 миллион доллар) ажратилиши белгиланди.

Президентнинг сўзларига кўра, 2025 йили тадбиркорлар қўшимча 31 триллион сўмлик (2,4 миллиард доллар) 3,5 мингта лойиҳа ва 200 мингта янги иш ўрни яратишга тайёр. Ушбу ташаббусларни қўллаб-қувватлаш учун яна 1 триллион сўм (77,7 миллион доллар) ажратишга қарор қилинди.

Бундан ташқари, банкларга фермер хўжаликларига уруғлик, кўчат, ўғит сотиб олишда кредит бериш йўли билан кўмаклашиш, шунингдек, маслаҳат хизматларини кўрсатиш, тадбиркорлик фаолиятини оптималлаштириш учун тажрибали агроном ва технологларни жалб этиш топширилди. Тижорат тузилмалари тадбиркорларнинг «етиштириш – қайта ишлаш – сотиш» занжири асосида юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш мажмуаларини ташкил этиш ғояларини ҳам қўллаб-қувватлаши лозим.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ