Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасида ИИВ вакили лавозими жорий этилади

uztag.info сайти фотосурати

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси штат жадвалига қўшимча биринчи котиб — Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги вакили лавозими киритилади. Мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев 13 декабрь куни шу ҳақдаги қарорни имзолади.

Ҳужжат муқаддимасида таъкидланганидек, бундан мақсад Россияда Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ўз вақтида ҳимоя қилишга кўмаклашиш, шунингдек, уюшган жиноятчилик, терроризм, экстремизм, одам савдоси, ноқонуний миграция ва бошқа турдаги жиноятларга қарши курашиш масалаларида Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат.

Бундан ташқари, ИИВ вакилининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат бўлади:

✅ Ўзбекистон ва Россия ўртасида жиноятчиликка қарши курашиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳамкорлик бўйича амалий таклифлар тайёрлаш;

✅ хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашда халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга кўмаклашиш;

✅ терроризм, экстремизм ва бошқа жиноятларга қарши курашда РФ Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликни кучайтириш;

✅ Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқбузарликлар ва жиноий ҳаракатлар билан боғлиқ мурожаатларини Ўзбекистон қонунчилигида белгиланган тартибда қабул қилиш ва кўриб чиқиш.

Вакил президент билан келишилган ҳолда Ички ишлар вазирининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири томонидан лавозимга тайинланади.

ℹ️ Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати мигрантлар учун меҳнат бозорларини диверсификация қилиш бўйича фаол ишлар олиб бормоқда, ватандошларнинг иш топиши мумкин бўлган давлатлар рўйхатини кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда. Масалан, республика ҳукумати маълумотларига кўра, 2025 йили иқтисодий ривожланган мамлакатлар: Германия, Саудия Арабистони, Жанубий Корея, Япония, Буюк Британия, Польша, Туркия, БАА ва бошқа мамлакатларда 200 мингдан ортиқ кишини иш билан таъминлаш режалаштирилган.

Бироқ, бугунги кунда Ўзбекистон фуқаролари учун энг қулай йўналиш Россия бўлиб қолмоқда, зеро у ерда Марказий Осиё давлатининг миллионга яқин фуқароси меҳнат қилмоқда. Қолаверса, мутасаддилар юртдошлар учун янги имкониятлар излашда давом этмоқда. Шу тариқа, яқинда Ўзбекистон ҳукумати ҳузуридаги Миграция агентлиги Россия Федерациясининг бир қатор саноат корхоналари республиканинг 1750 нафар фуқаросини иш билан таъминлашга тайёр эканини маълум қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ