Қозоғистонда ўлдирилган ўсмирнинг отасига нисбатан жиноий иш очилди

Каржаубай Нуримов. smi24.kz сайти фотосурати

Талгарда ўлдирилган ўсмир Шерзат Пўлатнинг отаси Каржаубай Нуримовга нисбатан Қозоғистон Жиноят кодексининг 202-моддаси («Бировнинг мулкини қасддан вайрон қилиш ёки шикастлаш») билан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда адвокат Асқар Каймаковга таяниб, Orda нашри хабар беради.

Шерзат Пўлатнинг амакиси Нурканат Гаепбаевнинг дафн маросимида Нуримов милиция машинасининг ғилдирагини тешган. У содир бўлган воқеани инкор этмаган. Шундан сўнг Нуримов қўлга олиниб, полиция бўлимига олиб кетилган ва тез орада майда безорилик бўйича 15 суткага қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Олмаота вилояти полиция департаментида Нуримов пичоқ билан машинани тирнагани ва ғилдирак шинасини тешганини айтишган. Шундай қилиб, автомашина эгасига моддий зарар етказилган, бу «маъмурий жавобгарлик чегарасидан ўтади ва қилмишни жиноий таснифлашга олиб келади», дея полиция баёнотидан иқтибос келтиради Kaztag.

Каймаков ўз постида 10 декабрь куни полиция Нуримовни унинг яқинлари ва адвокатлари илтимосига кўра ҳибсга олгани ҳақидаги даъвони рад этади.

«Бизнинг вакиллар полиция айтганидек, Каржаубайни ҳибсга олишларини илтимос қилишмаган. Марҳум Нурканатнинг қариндошлари унинг шахсий ёзишмалари чоп этилишига розилик бермаган. Биз Каржаубайни 15 суткага қамоққа олишга тайинлаган суд қарорини ноқонуний деб ҳисоблаймиз (суд қўпол қонунбузарликларга йўл қўйган) ва апелляция тартибида ариза киритдик», — деб ёзади Каймаков.
«Адвокатлар Каржаубайни ўз хавфсизлиги учун ҳам ҳибсга олишларини талаб қилгани ҳақида хабарлар тарқалди – аслида бундай бўлмаган. Адвокатларнинг ҳеч бири Каржаубайни ҳибсга олиш кераклигини айтмаган»,дея тасдиқлайди Каймаков сўзларини ижтимоий фаол Айтбек Амангелди.

ℹ️ 16 ёшли Шерзат Болат 4 октябрга ўтар кечаси оиласига қарашли озиқ-овқат дўкони ёнида ўлдирилган эди. Қариндошларининг сўзларига кўра, жанжал бир банка пиво учун бошланган, харидорлардан бири пул тўлашдан бош тортган. Шерзат ва унинг амакиси ўша кечаси дўкон пештахтаси ортида турган ўсмирнинг отаси Қаржаубай Нуримовни ҳимоя қилишган. Мижоз дўстларини дўконга чақирган, улар ўсмир ва унинг амакисини калтаклашган, Шерзат пичоқ зарбасидан ҳалок бўлган.

12 октябрь, шанбага ўтар кечаси номаълум шахслар Шерзат оиласининг уйига ўт қўйишган, натижада уй ёниб кетган. Ҳеч ким жабрланмаган. Марҳумнинг қариндошлари ҳимояга олинган, Миллий гвардия ходимлари Талгарга патруллик қила бошлаган.

Ўсмир ўлдирилишига алоқадорликда гумон қилинган жами 11 нафар шахс қўлга олинган. Маҳаллий аҳолининг айтишича, жиноятга Ички ишлар вазирлиги томонидан инкор этиб келинган «Хуторские» уюшган жиноий гуруҳ аъзолари ҳам алоқадор бўлиши мумкин. Полиция мазкур ҳолат бўйича барча процессуал ҳаракатларни якунлашни режалаштирмоқда.

Параллел равишда Нурканат Гаепбоевнинг ўлими бўйича тергов ишлари олиб борилмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, у ўз жонига қасд қилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?