Шерзат Болат амакисининг жасади Талгар шаҳри яқинида топилди

kursiv.kz сайти фотосурати

Октабр ойида ўлдирилган ўсмир Шерзат Болат (Пўлат) амакисининг жасади Талгар шаҳри чеккасида топилди, деб хабар беради Vlast.kz Олмаота вилояти полиция бошқармасига таяниб.

«Талгар шаҳри яқинида 30 ёшли эркакнинг жасади топилди. Дастлабки маълумотларга кўра, у ўз жонига қасд қилган», — дейилади хабарда. Унда ўсмир Шерзатнинг оиласи ҳамон полиция ҳимоясида экани, уларга ҳеч қандай таҳдид қилинмагани айтилади.

«Полиция ходимларининг тушунтиришларига кўра, эркак соат 23:30 да қўриқланаётган объектни шахсий автомашинасида тарк этган», — дея қўшимча қилган вилоят полиция бшқармаси.

Tengrinews.kz нашрининг қайд этишича, эркак ўз жонига қасд қилишдан олдин хат қолдирган, унда жияни ёнига дафн қилишларини сўраган.

Шерзат Болат 4 октябрга ўтар кечаси оиласига қарашли озиқ-овқат дўкони ёнида ўлдирилган эди. Қариндошларининг сўзларига кўра, жанжал бир банка пиво учун бошланган, харидорлардан бири пул тўлашдан бош тортган. Шерзат ва унинг амакиси ўша кечаси дўкон пештахтаси ортида турган ўсмирнинг отаси Қаржаубай Нуримовни ҳимоя қилишган. Мижоз дўстларини дўконга чақирган, улар ўсмир ва унинг амакисини калтаклашган, Шерзат пичоқ зарбасидан ҳалок бўлган.

12 октябрь, шанбага ўтар кечаси номаълум шахслар Шерзат оиласининг уйига ўт қўйишган, натижада уй ёниб кетган. Ҳеч ким жабрланмаган. Марҳумнинг қариндошлари ҳимояга олинган, Миллий гвардия ходимлари Талгарга патруллик қила бошлаган.

Ўсмир ўлдирилишига алоқадорликда гумон қилинган жами 11 нафар шахс қўлга олинган. Маҳаллий аҳолининг айтишича, жиноятга Ички ишлар вазирлиги томонидан инкор этиб келинган «Хуторские» уюшган жиноий гуруҳ аъзолари ҳам алоқадор бўлиши мумкин.

Шов-шувли иш ортидан бир қатор ҳокимлик ва ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари ишдан бўшатилди. Яқинда мазкур иш сабаб ишдан бўшатилган ИИВ бошлиғининг собиқ ўринбосари Айдос Рисбаев янги лавозимни эгаллади – у транспорт полицияси бошқармасига раҳбар этиб тайинланди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди