Тожикистонда давлат хизматлари ва нақд пулсиз тўловларни рақамлаштиришни назорат қилувчи штаб ташкил этилди

kk.bank сайти фотосурати

Тожикистонда давлат хизматлари ва нақд пулсиз тўловларни рақамлаштириш масалалари бўйича Республика штаби ташкил этилади. Тегишли ҳужжат Адлия вазирлигининг ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинди.

Ҳужжатга мувофиқ, ҳар ойнинг 5-кунига қадар барча вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар ва бошқа давлат ташкилотлари Штабга давлат хизматларини рақамлаштириш ва нақд пулсиз тўлов тизимига ўтиш жараёни тўғрисида тўлиқ маълумотларни тақдим этишлари шарт.

Ўз навбатида, Штаб давлат хизматлари кўрсатиш ва нақд пулсиз тўлов тизими самарадорлиги ҳамда давлат органлари фаолиятини таҳлил қилади. Зарур ҳолатларда мансабдор шахслар инновацияларни жорий этишни тезлаштириш чораларини кўрадилар. Штаб ҳар ойнинг 10-кунига қадар ҳукуматга ўз фаолияти якунлари тўғрисида ахборот тақдим этади.

Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Тожикистон Бош вазири Коҳир Расулзода зиммасига юклатилди. Штаб таркибига республиканинг 17 та идораси раҳбарияти вакиллари кирди.

Давлат идораларини нақд пулсиз ҳисоб-китобларга ўтказиш тўғрисидаги қарор 2018 йили қабул қилинган. Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг таъкидлашича, тўлов карталари бўйича операцияларнинг 95 фоизи нақд пул ечиб олиш билан боғлиқ. Бу мамлакатда банк карталаридан асосан давлат хизматчилари ва пенсионерлар фойдаланиши билан изоҳланади. Нақд пулсиз тизимнинг ривожланмагани эса аҳолининг қашшоқлиги ва молиявий саводи йўқлиги, интернет-банкингнинг ривожланмагани, шунингдек, мамлакатни рақамлаштиришдан манфаатдор бўлмаган маҳаллий амалдорларнинг пассивлиги билан изоҳланади.

Республика раҳбарининг фармони билан 2023 йил 1 августдан бошлаб давлат хизматлари, йиғимлар, солиқлар, уй-жой, коммунал ва тиббий хизматлар учун тўловлар тўлиқ банк ўтказмаси орқали амалга оширилиши белгиланди. Ҳужжатга кўра, ушбу санадан бошлаб барча тузилмаларга нақд пулда тўловни қабул қилиш тақиқланади. Лекин, амалда, бу қоида доим ҳам ишламаяпти.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ