Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бир қатор фармонларни имзолади, унга кўра Мудофаа вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ)га янги раҳбарлар тайинланди. Давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов 24 ноябрь, якшанба куни мазкур идоралардаги кадрлар ўзгаришини маълум қилди.
Мирзиёев Мудофаа вазири Баҳодир Қурбоновни лавозимидан озод этиб, Давлат хавфсизлик хизмати раиси этиб тайинлади.
Мудофаа вазирлиги раҳбари лавозимига аввал Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Ўзбекистон Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи лавозимида ишлаб келган Шуҳрат Халмуҳамедов тайинланди.
Ўз навбатида, ДХХ собиқ раҳбари Абдусалом Азизов фармонда қайд этилганидек, «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибияти ихтиёрига ўтказилди». Кейинчалик Мирзиёев матбуот хизматининг тушунтиришича, бу ибора мансабдор шахсни Хавфсизлик кенгаши котибиятининг кадрлар захирасига ўтказилганини англатади. Қолаверса, бу Азизов бирон-бир лавозимга тайинланган ёки доимий ишга қабул қилинган дегани эмас.
Сўз ўрнида, Азизов 2019 йил февралидан буён Давлат хавфсизлик хизмати раиси лавозимида ишлаб келаётганди. Бунгача у 2017 йил сентябридан мамлакат Мудофаа вазирлигини бошқарган.
Яна шуни қўшимча қилиш лозим, Ички ишлар вазирлигида ҳам бир қанча ўзгаришлар бўлди. Шундай қилиб, Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ИИВ Тезкор қидирув департаменти Жиноят қидирув хизмати бошлиғи, полковник Ахроржон Атхамовни, шунингдек, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Дониёр Тошходжаевни лавозимидан озод этди. Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг тегишли буйруғи билан ИИББ Тезкор қидирув хизмати Жиноят қидирув бошқармаси Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими бошлиғи подполковник Тимур Собиров эгаллаб турган лавозимидан маҳрум бўлган.
ℹ️ Давлат хавфсизлик хизматининг янги раиси Баҳодир Қурбонов узоқ муддат Ички ишлар вазирлигида ишлаган. 2013-2015 йиллари ИИВ вазири ўринбосари лавозимида ишлаган. Кейин эса Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинланган. 2018-19 йиллари Тошкент ҳарбий округи қўшинларига қўмондонлик қилган. 2019 йил февраль ойидан буён республика Мудофаа вазирлиги раҳбари лавозимида ишлаб келган.
ℹ️ Мудофаа вазирлиги раҳбари лавозимига тайинланган Шуҳрат Халмуҳамедов Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари ва Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари лавозимларида ишлаган. Кейинчалик Мудофаа вазирининг ўринбосари — Республика Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи бўлган.